Ўзбек халқига асосан ўзининг сериаллари, мобил қурилмалари ва сифатли автоуловлари билан танилган Жанубий Корея мамлакати диний муҳит нуқтаи назаридан ўзига хос эътиборга лойиқ. Демократик асосларга қурилган бу давлатда ҳам эътиқод эркинлиги таъминланган ва ҳар ким бирор динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга. Охирги пайтларда Ислом дини ҳам Корея яриморолида секинлик билан қулоч ёзаётган динлардан ҳисобланади. Аммо географик омил сабаб бўлса керак, мусулмонлар бу юртда жуда ҳам камчиликни ташкил қилади.

Корея Мусулмонлари федерацияси берган маълумотларга кўра, яриморолда корейс ва бошқа миллат вакиллари билан жами 100,000 (норасмий маълумотларга кўра 200,000) атрофида мусулмон истиқомат қилади. Шунга қарамай, корейс халқи мусулмонларни ҳурмат қилади ва уларнинг эътиқодини ўзгача қизиқиш билан қарши олади. Кореяга ҳаво йўллари орқали дунёда энг донғи кетган Инчон аэропорти орқали кирилади. Инчон аэропорти ўзининг қулайликлари, хусусан, мусулмонлар учун махсус намозхоналари билан ҳам эътиборга молик. Шунингдек, иш жойлари, таълим муассасалари, савдо марказлари ва ҳоказоларда мусулмонларнинг диний қадриятлари қаттиқ ҳурмат қилинади ва диний мажбуриятларни адо этиши учун мусулмон одамга имкон қадар шароит яратиш мақсадида таҳоратхона ва намозхоналар барпо этилган. Таъкидлаш жоизки, Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 14 йилдан буён ҳар йили Рамазон ойида мусулмонлар учун вазирлик биносида ифторлик дастурхони ёзиб келади. Бу ҳам мамлакатдаги мусулмонларга эҳтиром қандай эканлигини кўрсатади.

Тарихга назар ташласак, яриморолнинг Ислом дини билан илк танишуви VII аср ўрталарига бориб тақалади. Мусулмон савдогарларнинг илк алоқалари яриморолдаги уч қиролликдан бири бўлган Шилла билан йўлга қўйилган. Ислом тарихи ҳақида сўзлар экан, «Кореянинг Ислом билан илк тўқнашуви фақат ва фақат тижорий мақсадда бўлган», дейди Ҳанянг университети профессори Ли Си Ҳо. Корея ерларидаги илк мусулмонлар 9 асрда ўз қишлоқларига эга бўлган. Баъзи манбаларнинг таъкидлашича, илк мусулмонларнинг аксари ироқлик бўлган.

1154 йилда Корея илк бор мусулмон географи Муҳаммад ал Идрисий томонидан яратилган жаҳон атласига киритилди. Корейсларга мансуб энг тарихий жаҳон харитаси – Кангнидо эса ғарбий ҳудудлар ҳақидаги маълумотларни мусулмон географлари тўплаган маълумотлардан олган. Тарихий манбаларда, мусулмонларнинг Жўсон Қироллигига илм-фан ва технология борасида ўз маслаҳатлари билан асқотганини кўриш мумкин. Ўрта асрларда мўғул қўшинлари билан бирга Марказий Осиёлик мусулмонлар гуруҳи Кореяга бориб ўрнашди. Тахминан 80 йил давом этган мўғуллар ҳукмронлиги даврида марказий осиёлик мусулмонлар мамлакатда муҳим мавқега эга бўлди. Ҳатто Жўсон Қироллиги суд мажлисларига мусулмонлар Қуръон тиловати учун чақириладиган бўлган. Шунингдек, ХV аср бошларида ўтказилган тақвим ислоҳотида Исломий тақвим ўзининг аниқлиги сабаб муҳим роль ўйнади.

1427 йилда қирол Сежонг корейс мусулмонларига қарши қонун эълон қилди. Натижада Кесонг шаҳридаги масжид ёпилди ва мусулмонлар тазйиққа учради. Шу тариқа бир неча аср давомида Корея мусулмон оламидан узилиб қолди. Аммо ХIХ асрга келиб, Кореянинг шимолий ҳудудларидаги корейслар мусулмонлар билан алоқаларни йўлга қўя бошлади.

1950-1953-йилларда бўлиб ўтган Корея урушида Туркия Жанубий Кореяга ёрдам ўлароқ мусулмон қўшинини юборади. Корея уруши пайтида турклар томонидан уруш етимлари учун «Анқара мактаби» очилади. Туркларнинг ғамхўрлигидан қаттиқ таъсирланган корейс халқи урушдан сўнгги қийинчилик даврида аста секинлик билан Ислом динига қизиқа бошлайди. Исломни қабул қилганлар сони кўпайиб, 1955 йилда илк Корейс мусулмонлари жамоати тузилади ва шу йилиёқ илк масжид қад ростлайди. 1960 йилда Субри Со Жунг Гил бошчилигдаги илк корейс мусулмонлари жамоаси ҳаж ибодатини адо этади. Йил ўтган сайин бу жамоат кенгайиб, 1967 йилда Корея Мусулмонлари федерацияси ташкил этилади.

1963-1979-йилларда Жанубий Корея президенти лавозимини эгаллаган Парк Жунг Ҳи мусулмон мамлакатлари билан дўстлик алоқаларини яхшилаш умидида Корея Мусулмонлар Федерациясига масжид учун ер майдони совға қилади ва 1976 йилда Итевон ҳудудида Сеул марказий масжиди қуриб битказилади.

Масжид битгач, маҳаллий аҳолида Ислом динига қизиқиш янада кучайди ва мусулмонлар жамоати бир йил ичида уч мингдан ўн беш минггача ошиб кетди. Шунингдек, 2000 йилларнинг бошларида Ироқдаги урушга ёрдам сифатида Жанубий Корея ҳам 600 кишилик ҳарбий бўлинма юборади. Маҳаллий мусулмон аҳоли билан алоқага киришган ҳарбийлар Ислом динидан қаттиқ таъсирланади ва Ислом динини ўрганишни бошлайди. Натижада кўплаб ҳарбийлари урушдан сўнг ўз юртларига мусулмон бўлган ҳолда қайтадилар.

«Pew тадқиқот маркази» берган маълумотларга кўра, 2010 йилда Исломни қабул қилган корейслар сони ўртача 75000 кишини ташкил қилган. Сеул марказий масжидидан сўнг Корея бўйлаб ўнлаб масжидлар қурилган. Хусусан, охирги икки йил ичида Кореяда яшовчи ўзбеклар ташаббуси билан Киме ва Кожедо шаҳарларида иккита ўзбек мусулмонлари масжиди ишга тушган.

Корея Мусулмонлари федерацияси берган маълумотга кўра, яқин йилларда Кореяда исломий мактаблар ва ҳатто университетлар очиш режа қилинган. Сеулдан кейин энг катта ҳисобланган Пусан шаҳрида эса 2017 йил охирига қадар шаҳар жомеъ масжиди қошида Исломий марказ очиш режа қилинган.

Камчилик сифатида мусулмонлар учун Жанубий Кореяда истиқомат қилиш бироз қийинчилик туғдиради. Шунга қарамай, деярли ҳамма шаҳарда ҳалол ресторанларни учратиш мумкин. Корея Мусулмонлари федерацияси 1994 йилдан буён ресторанларга Ҳалол сертификатини тақдим қила бошлаган. Энг сўнгги ҳисоботларга кўра, Жанубий Корея ҳудудида 800 атрофида ҳалол сертификацияга эга ресторан мижозларга хизмат қилмоқда. Бу рақам эса кундан кунга ошиб бормоқда.

Мусулмонлар томонидан Жанубий Кореяда Исломнинг имиджини яхшилаш ва бу дин хусусидаги салбий қарашларни бартараф этиш мақсадида мунтазам турли тадбирлар ўтказиб келинади. Корейс имомлари ёшларга мурожаат қилар экан, Кореядаги Ислом динининг равнақи учун энг кўп хизмат қиладиган гуруҳ булар ёш авлод вакиллари бўлиб, Кореяга келаётган ҳар бир мусулмон ўз хулқи билан аввало Ислом динини намойиш этаётганини унутмаслиги лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ,
Azon.uz