Корея ҳукуматининг «Чет эллик талаба таклиф этиш дастури»га кўра, 2018 йил учун қабул эълон қилинади. Бу ҳақда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.

Қабул шартларига кўра, 25 ёшдан кичик (1993 йил 1 мартдан кейин туғилган), соғлом, коллеж (лицей)ни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар қабул қилинади.

Дастлаб битирувчи Кореядаги Давлат халқаро таълим марказида 1 йил давомида корейс тилига ўқитилади ва сўнгра Корея олийгоҳларида бакалавр даражасини олиш учун 4 йил таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунинг учун битирувчи 1 йиллик тил курсини тамомлаб, корейс тилидан билим даражасини аниқлаб берувчи ТОПИК имтиҳонидан 5 даражани олиши талаб қилинади. Агар битирувчи аввалдан ушбу даража соҳиби бўлса, 2018 йил май ойидан Корея олийгоҳларига кириш имконига эга бўлади.

1 йиллик тил курсининг дастлабки 6 ойлигидаёқ ТОПИКнинг керакли даражасига эришган ўқувчилар эса 2018 йил сентябрь ойида олийгоҳга киришлари мумкин.

Ҳужжатлар Тошкентдаги Корея таълим марказининг 2-қавати 210-хонасида жорий йил 6 сентябридан 6 октябрига қадар қабул қилинади. Батафсил маълумотлар учун телефон: 291 8182

Корейс тилидан Отабек Юлдашев таржимаси.