22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Корея персонални ривожлантириш институти томонидан Кадрларни тайёрлаш ва бандлик даражасини қўллаб-қувватлаш дастури иловаси билан ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат масалалари агентлигининг расмий Migration.uz сайтида хабар қилинди.

Ушбу Меморандумни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ҳукумат қарори асосида тақдим этилаётган “Далварзин” маиший хизмат кўрсатиш коллежи базасида ишлашга рухсатнома олиш учун Ўзбекистон фуқароларига Корейс тилини ўргатиш марказини очиш бўйича қарор қабул қилинди.

Имзолаш маросимида Корея томони билан ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг изчиллик характери ҳисобга олиниб, шунингдек, кадрлар заҳирасининг малакасини ошириш, бандликни ҳал этиш тизими, томонлар ўртасидаги ижозат этилган сиёсат доирасида кадрлар заҳирасини жўнатиш ва ватанига қайтариб юбориш жараёнлари, томонлар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, аҳоли бандлик даражасини қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини касбга тайёрлаш ва ўқитиш асосида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Айни пайтда, Корея томонидан ҳамкорликда ташкил этилаётган Марказни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва 2018 йил ва истиқболдаги йилларда ўқитилаётган фуқаролар сонини 1000 нафарга кўтариш режалаштирилган.