Юртимизда эшак гўшти қўшилган колбасалар мавзуси муҳокама қилинаётган бир пайтда Жанубий Кореяда эшак гўшти ошхоналари кўпаймоқда. Кузатувларим асосида айтадиган бўлсам, Чонан ва Асан шаҳарларида эшак гўшти таомлари тайёрлайдиган катта ошхоналар мавжуд.

Эшак Жанубий Кореяда камёб жонивор бўлсада, сўнгги пайтларда унинг гўштига ихлосмандлар кўпайиб бораяпти. Шу вақтгача эшак гўштини «Осмонда аждар гўшти, ерда эса эшак гўшти энг мазали», деган нақлга амал қиладиган хитойликлар хуш кўриши маълум эди.

Маҳаллий «Кихо-Илбо» нашрининг шу йил 12 октябрь сонида «Эшак гўшти – гўшт ва қишлоқ хўжалигида янги шабада» номи остида мақола эълон қилинган. Унда айтилишича, ҳозирда Жанубий Кореяда атиги 400-500 бош атрофида эшак мавжуд ва уни кўпайтириш учун зарур чоралар кўрилиши лозим. Мамлакатда техниканинг юқори тараққий этганлиги туфайли эшакдан транспорт ёки юк ташиш воситаси сифатида фойдаланишга ҳожат йўқ. Мақола муаллифи фикрича, «эшак осмондан тушган афсонавий ҳайвон ва Осмон сигири деб ҳам аталади. Унинг гўшти тез ҳазм бўлади»

Отабек Юлдашев.