Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярмида Корея Республикасида ишлашни хоҳлаган фуқаролар учун корейс тилини ўқитиш марказлари очилади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

8 январь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Кореянинг таълим ва тренинг тадқиқот институти ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўртасида корейс тили марказларини очишни ўз ичига олган меморандум имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Корея Республикасида ишлаш учун рухсатнома олишлари, ишчи ташрифларни амалга ошириш, техник тайёргарлик кўриш ва ўқиш мақсадида бориш учун мамлакатимизда Ўзбекистон фуқароларини корейс тили бўйича ўқитиш марказларини очишга қарор қилинди. Айни пайтда, Корея томонидан келишувга эришилиши учун ташкил этилажак Марказга зарур жиҳозларни тақдим этиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ, 2017 йил ноябрь ойида Кореянинг таълим ва тренинг тадқиқот институти раиси Юн Се Ким билан учрашув чоғида кадрлар заҳираларининг малакасини ошириш, томонлар ўртасидаги рухсат этилган сиёсат доирасида бандлик масалаларини ҳал этиш тизими ва кадрлар заҳираларининг иш берувчи давлатга келиши ва Ватанга қайтиши жараёнларини такомиллаштириш, томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, аҳоли бандлиги даражасини қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларни касбга тайёрлаш ва уларни ўқитиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича мавжуд имкониятлар муҳокама қилинган эди.