Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга Мирян шаҳридаги шифохонада юз берган ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Интерфакс агентлиги маълумотларига кўра, ёнғин натижасида энг камида 31 киши ҳаётдан кўз юмди, 70 нафардан ошиқ киши жароҳатланди. China News Service онлайн нашри 41 кишининг қурбон бўлганини хабар қилмоқда.

Ёнғин вақтида шифохона биноларида қарийб 200 киши бўлган. Ёнғин пастки қаватларда тарқалиб, одамларнинг чиқиш йўлларини тўсиб қўйган.

Ҳозирча ёнғин сабаблари маълум эмас.