Сеул Марказий округи суди Жанубий Корея бош прокуратураси талабига биноан 22 март куни мамлакат собиқ президенти 76 ёшли Ли Мёнг Бакни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берди. Бу ҳақда Yonhap хабар қилмоқда.

Тергов Ли Мёнг Бакка 18 модда бўйича айблов қўйишга тайёрланмоқда, улар орасида пора олиш, ноқонуний жамғармалар яратиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ваколатни суиистеъмол қилиш, сайлов қонунчилигини бузиш кабилар бор. Лининг ўзи айни дамдаги мамлакат ҳукумати ўзига қарши сиёсий интиқом кампанияси бошланганини айтиб, ўз айбини қатъиян рад этмоқда.

Агар у барча айбловлар бўйича айбдор деб топилса, 45 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Эндиликда мамлакат бош прокуратураси сиёсатчига расмий айбловларни қўйиш учун 20 кунлик муддатга эга.

У жиноий тафтиш иштирокчисига айланадиган Жанубий Кореянинг 5-президенти бўлади. Шу тариқа Жанубий Кореянинг аввалги 7 президентидан фақатгина икки нафаригагина жиноий айбловлар қўйилмаган.

Аввалроқ Ли Мён Бакнинг акаси Ли Сан Дик POSCO пўлат қуювчи компанияси иштирокидаги коррупция иши бўйича 15 ойлик қамоқ жазоси олган эди.

Шу билан бир вақтда Жанубий Кореянинг 2017 йил апрелда ҳибсга олинган, мамлакатни 2013-2017 йилларда бошқарган яна бир собиқ президенти Пак Кин Хе иши бўйича қарор чиқарилиши кутилмоқда. Унга 18 та банд бўйича, жумладан коррупция, порахўрлик, хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва давлат маълумотларини ошкор қилиш айбловлари қўйилмоқда. Сеул марказий суди ушбу иш бўйича 6 апрелда қарор чиқаради.

1997 йилда Жанубий Кореянинг собиқ президенти (1980-1988) ҳарбий тўнтарувга тайёргарликдаги иштироки учун умрбод қамоқ жазосига, мамлакатни 1988-1993 йиллар давомида бошқарган Но Тхэ У эса тўнтарувлар ташкил этиш ва порахўрлик учун 17 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Уларнинг иккиси ҳам ўша йил афв этилганлар. 2003-2008 йиллар мамлакатни бошқарган, 2009 йилда коррупцияда айбланган Но Му Хён ўз жонига қасд қилган.

Фото: REUTERS/Jo Yong-Hak