26 март куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Корея Республикаси персонални бошқариш вазири Ким Пан Сок бошчилигидаги корейс делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ким Пан Сок Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди. Суҳбат жараёнида Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги билан ҳамкорлик ҳолати ва келажакдаги истиқболлари, давлат хизматлари ва кадрларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди.

Келажакда ахборот, билим ва тажрибаларни алмашиш, давлат хизматида кадрларни бошқариш соҳасида экспертлар учрашувларини ташкил этиш, икки ташкилотда хизмат қилувчи ходимлар малакасини ошириш, икки давлат ҳудудида ўтказиладиган давлат хизматлари тадбирларида иштирокини ташкил этиш ҳамда томонлар қарори бўйича ҳамкорликнинг бошқа шаклларини йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди.

Вазир Ким Пан Сок барча даражадаги давлат хизматчиларини саралаш, ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари билан таништирди.