Тарих фанида «неандертал одам» атамаси бор. Бундан қирқ минг йил аввал яшаб ўтган одамларни шундай аташган. 1856 йили Германиянинг Неандер водийсидан илк марта ўша давр одамининг суяклари топилгани шарафига фанда шу ном белгиланган. Мен неандертал одами ҳақида фикр юритмоқчи эмасман. Мавзу бошқа ёқда.

Кейинги ой Жанубий Кореянинг Тэгу шаҳар кенгаши томонидан бир қатор масалалар билан бирга Талсо районидан тушган, фуқаролар томонидан имзо йиғилган муаммо ҳам кўриб чиқилади. Гап шундаки, ушбу райондаги кўпқаватли уйлар яқинида бир ҳайкал бор. «Ухлаётган неандертал одам» номли бу ҳайкал ушбу район фуқароларининг чиндан ғашига тегаётган кўринади.

Атроф хонадонлар вакиллари бу дахшатли ҳайкални умуман йўқотиш ёки бошқа жойга кўчиришларини исташмоқда. «Ухлаётган неандертал одам» ҳайкалининг узунлиги 22 метр, бўйи эса 6.8 метрни ташкил этади. 2006 йили бу район ҳудудидан 13,000 дона қадимий ноёб жиҳозлар топилганлиги муносабати билан шаҳар мэрияси сайёҳлар оқимини бу ерга буриш мақсадида неандертал одам ҳайкалини ўрнатган эди.

Бу ҳайкалнинг ясалишининг ўзига оз эмас, кўп эмас 200 миллион вон (тахминан 190,000 $) ва атрофни жиҳозлаш учун эса 300 миллион вон (тахминан 284,000$) сарфлаб қўйилган. Шаҳар мэрияси ушбу ҳайкал атрофига турли манзарали дарахтлар экиб, бу ерни янада гўзаллаштириш ва сайёҳларни жалб этиш фикрида собит қолмоқда. Аммо фуқаролардан турли норозилик хатлари кўпаймоқда. Ҳаттоки, ҳайкалнинг ваҳшатидан қўрқувга тушиб, «асаб касалликлари шифохонасида даволаниб чиққанлар ҳам борлиги» хабар қилинаяпти.

Отабек Йўлдошев.

Жанубий Корея, Сеул