19 апрель куни Хоразм вилоятида ДХХ ва Солиқ департаменти ходимлари шартнома бўйича Жанубий Кореяда ишлашга жўнатаман, деб фуқародан 8 минг доллар олаётган Қўшкўпир туман ҳокими ўринбосарини қўлга олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар қилди.

1989 йилда туғилган Умурбек Отаназаров туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринборсари лавозимида ишлаш жараёнида яна 12 кишидан жами 22,4 минг доллар олгани маълум бўлди.

«Ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб юрган вақтларимда одамлар олдимга келиб, чет элга ишлашга жўнатишда ёрдам беришни сўрашарди. Мен уларнинг ишончига кириб, улардан олган пулларни шахсий манфаатлар учун ишлатиб юбордим», – дейди собиқ ҳоким ўринбосари.

Репортажда у қилмишидан жуда пушаймон эканини айтиб, халқдан кечириим сўраган. Отаназаровга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.