Ёшим ўттиз иккига тўлибгина болалигимнинг бир парчаси қолган қадрдон жойга келдим…
Ўшанда ўн икки яшар қизалоқ эдим.

Минг тўққиз юз тўқсон бешинчи йилнинг январида оиламиз – дадам,онам, мен ва синглим Да Ён Германияга қайтиб келдик. Икки йил аввал Берлинда бир муддат яшаб, Кореяга кетган эдик. Бу сафар дадам Плауэн шаҳарчасидаги корхонага ишга жойлашди. Икки Германия ҳали бирлашмаган – атиги беш йил муқаддам Плауэн Шарқий Германияга тегишли эди. Ташландиқ бинолару ҳувиллаган боғлар, автобус бекатида тўпланиб ўтирадиган, устидан бадбўй ароқ иси анқиган эркаклар… Мана шу мен билган Плауэн шаҳарчаси манзаралари эди.

Дадам билан бирга ишлайдиган вьетнамлик Хо амаки уйига, кечки овқатга таклиф этган куни онам узоқ ясан-тусан қилди. У охирги вақтларда қўл урилмаган либосларини кийиб, қайта-қайта атирларини сепди. Менинг узун сочларимни ўриб, тўй маросимларида киядиган қора кўйлагимни кийдирди. Икки яшар синглим Да Ённинг ҳам эгнида янги либос пайдо бўлди. Неча йиллардан буён ўзига қарамай қўйган онам бугун кўзларимга фариштадек кўриниб кетди. У ойна олдида ўзини кўз-кўз қилар, мамнун жилмаярди. Плауэнга келганимизга уч ой бўлган, илк меҳмонга бораётганлигимиз уни ҳаяжонга соларди.  Бизни остонада Хо амакининг хотини – Унг Вэн хола кутиб олди.  
-Шинчао!-деди онам вьетнам тилида салом бераркан, бош эгиб. Мен ҳам онамнинг айтганини такрорладим. Унг Вэн хола узоқ вақтдан бери учрашмаган дўстларини кўргандек мамнун жилмайиб қўйди. Ошхонада Хо амаки куймаланиб овқат тайёрлар, икки юзи совуқда қолган ёш болаларники каби қип-қизил тусга кирган. Хо амаки ва Унг Вэн холанинг Туй исмли ўғли бўлиб, немис мактабида мен билан битта синфда ўқирди. Хо амаки пазанда экан: зумда дастурҳонни помидор ва гўштли шўрва, қовурилган қисқичбақа, салатлар, манти билан тўлдирди. Овқатланиб бўлгач, катталар ичкилик хўплаган кўйи суҳбатга берилишди. Мен эса Туй билан китоб жавонини титкилай бошладим.
-Олти ёшимдан бери йиққанман буларни,- деди Туй мақтаниб.
Китобларнинг кўпчилиги Снупи номли кучукча ҳақидаги расмли ҳикоялар эди. Мен Туйни китобдаги Снупига ўхшатардим. Мактабда ҳамма уни яхши кўрарди.
-Сени илк кўрганимда Вудстакка ўхшатганман,-деди Туй кулимсираб, расмдаги бошқа кучукчага ишора қиларкан.-Ўшанда сени бозорда кўргандим. Боғнинг нариги тарафида ҳам юрардинг. Адашмасам, уйларинг ўша томонда-я?
Мен унинг гапини тасдиқлаб, кўзларимни яна китобга тикдим.
   Германиядаги ҳаётимиз деразадан ташқарини томоша қилиш каби мароқли эди. Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олган Туйнинг ота-онасию биргалашиб овқатланишлар… Бундай илиқ лаҳзаларни унутиш мумкинмикан. Улғайгач, бегоналар билан дўстлашишим қийин бўлган мендек инсон бу кунларни эсласам юрагим ҳапқиради.
Плауэнга жазирама ёз ҳам кириб келди. Онам иссиқ ҳавога кўниколмай жуда қийналди. «Ухлаш учун кўзларимни юмсам, худди бутун танамни илон бўғаётгандек туюлади»,дейди у Унг Вэн холага зорланиб.
-Мен ҳам Германияга илк келганимда сиздек азоб тортганман. Бу ер Корея ҳавосига тескари иқлим. Нима қилмай фойда бермаганди,-дея Унг Вэн хола онамга ўз қўллари билан тайёрлаган крем берди. Ҳар куни ювиниб, ўшани сура-сура онам ёзни ҳаловатли ўтказди. Унг Вэн хола жуда оқила аёл бўлиб, бизнинг ҳар қандай муаммомизни олдиндан сезар, келиб ҳал қилиб берар эди. Энг муҳими, у ҳар куни икки яшар синглим билан банд онамнинг ягона дугонасига айланган эди. У онамни кўрганида Туйнинг гўдаклик чоғларидаги қийинчиликлари ёдига тушишини айтар, «Зериксангиз менга албатта телефон қилинг»,дерди. Туйларнинг оиласи билан ҳафтада бир марта кечки овқатни бирга ер эдик. Гоҳ уларникида, гоҳ бизникида тўпланар, ёз келиб, тунлар қисқарганлиги туфайли баъзан тонггача суҳбат қизигандан қизирди. Таом ейилгач, катталар ўзаро суҳбатга берилар, биз Туй иккимиз расмли китобларни варақлардик. Ҳозир ўйлаб қарасам, биз жуда аҳил дўстларга айланган эдик. Гоҳида ота-оналаримиз кўпроқ ичиб қўйишса, қўшиқ куйлашга тушишар, онам корейсча, Унг Вэн хола эса мен тушунмайдиган вьетнам тилида қўшиқ айтарди. Маъносини тушунмаса ҳам онам уларнинг тилидаги қўшиққа жўр бўлар, лекин талаффузи тўғри келмас эди.
 Баъзан онам менга:
-Даданг билан қарашларимиз мос эмас,-дейдиган бўлди.
    Овқатланганда, телевизор кўрганимизда ёки машинада бирор жойга борсак ота-онам бир-бирларига совуқ муомала қиладиган бўлиб қолишди. Улар ўзларини бундай тутиб, ёш қизча бўлган менга оғир жароҳат беришмоқда эди. Онам дадам билан немис тили факультетида бирга ўқиб, бир-бирларига кўнгил қўйишган. Гарчи ўқиш бўйича қаттиқ рақобатлашишган бўлса-да, эт ва тирноқдек бир-бирларига яқин бўлишган. Мен ҳар куни ич-ичимдан дадам онамга жилмайиб сўзлашини, нафратланмасликни ва улар … ажрашмасликларини тилардим. Шунинг учун ҳам Туйларнинг оиласи билан борди-келдимизни яхши кўрардим. Чунки уларникига борганимиздагина дадам ва онам бир-бирларига қараб кулишар, ўзларини аҳилдек кўрсатар эди. Балконга, чекиш учун чиқаётганида дадам онамнинг елкасини силаб ўтиб кетганлигию кулимсираб ниманидир гапираётган дадамга онамнинг меҳр билан тикилганлиги эсимда. Бу ўз уйимизда кўриш мумкин бўлмаган ҳолатлар эди. Мен ўшандан олдин ҳам, кейин ҳам онамнинг юзида ҳақиқий табассумни кўрмадим.
Онам шу чоғларда гўзаллашиб кетарди. Лекин унга бу ҳақда айтсам:«Ёдимда йўқ»,дерди.
Ёз оқшомлари осмонда бир нур ялтирайди. Нур аста-секин хиралашиб боради ва қоронғулик қўйнига шўнғийди. Буни томоша қилиш завқли. Уйга очиқ деразадан енгил шабада киради. Ошхона томондан ота-оналаримизнинг ғўнғир-ғўнғир товушларию енгил кулгулари эшитилиб турибди. Бу вақтга келиб Туй камгап бўлиб қолади ва уйқуси келганлигини сезаман. Ташқаридан таралган нур Туйнинг юзида акс бериб, аста йўқолади. Бу бахтли дамлар ўткинчи эканлигини ҳис қилиб турибман.
Баъзан Туй иккимизни нон ёки сут олгани дўконга юборишарди. Бу жуда қувноқ онлар эди. Туй югургилаб илгарилар, анча масофадан яна олдимга ҳаллослаб қайтарди. Мен унинг ортидан чопишни ўйлайману олдимга қайтишини сезиб, секин одимлашда давом этаман. Кўздан ғойиб бўлиб, зум ўтмай қайтадиган Туйнинг юзига қараб қиқирлаб куламан. У билан нигоҳларимиз тўқнашса, бўйнини қимирлатиб, баттар кулгили ҳолатга кирарди. Бирга ўқийдиган болалар бизни кўриб, масхара қилмасликлари учун нариги йўлдан юрардик. Туй ёлғиз пайтимизда мени:«Вудстак»,деб чақирарди. Вақт ўтган сари бу ном менга бир умрга қўйилди. Шу пайтгача ҳеч ким менга лақаб қўймаганди. Уйга яқинлашганимизда югуриб ҳориган Туйдан пиёз ҳидига ўхшаш тер иси анқирди.
  Туй ҳеч нарсадан тортинмас, мактабда кўрган-кечирганларини Унг Вэн холага оқизмай-томизмай айтиб берарди. Унга бирор гап айтсам:«Шунақами…ҳм…»,дер, гапларимга тушунмайдигандек туюларди. Ўша куни бепарво оҳангда:
-Дадам ва онам бир-бирларини ёмон кўради,-дедим ҳиссиз илжайиб. Олдинда кетаётган Туй бирдан қадам босишдан тўхтади ва ортига ўгирилди. Юзида жаҳли чиққанлиги сезилиб турибди. Ичида нима ўйлаганлигини англаш мушкул эди.
-Нега бундай гапни кулиб айтаяпсан?-деди Туй ва олдинга қараб гурс-гурс босганча кетди.
Ҳар доимгидек олдимга югургилаб қайтишини ўйлагандим. Лекин у ортига қайрилиб ҳам қарамади. Мен унинг ғазабланганини унутиб юборган бўлсамда улғайиб, коллежда ўқиётган вақтимда жаҳлдан юзлари оқарган Туйнинг гаплари қулоқларим остида жаранглайдиган бўлди. Ёшим улғайганидан кейингина Туйнинг юрагини англагандек эдим.
 -Германияга илк келганимизда жудаям совуқ эди,-деди Унг Вэн хола кулгидан ўзини тута олмай.-Ҳар қанча қалин кийинсам ҳам изғирин енгарди. Туй шу ерда туғилганди. Қорни биринчи марта кўриб турганлигим учун қўлларим музлаб қолса ҳам қор ўйнаганман.
Онам гул-гул яшнаб сўзлаётган Унг Вэн холага тикилиб ўтирибди. У бошидан ўтган қийинчиликлар ҳақида кулимсираб гапираркан онам ҳам жилмайишга уринарди. Бу орада Унг Вэн хола онамни:«Ўзгаларнинг юрагини эритадиган,муҳаббатга лиммо-лим тўлган аёл»,дея мақтади. У онамнинг заҳматкаш аёллигини бот-бот такрорлади. У тўхтамай мақтов ёғдирар, онамнинг ҳар бир ҳолатидан яхшилик қидирар, онам эса юзлари қизариб кетарди. Мен Унг Вэн холанинг гапларини тинглаб, онамни қайта кашф қилгандек бўлардим. Шундай қилиб онам ва Унг Вэн хола опа-сингилдек иноқ бўлиб кетишди. Бир кун кўришмаса тура олишмас, холамнинг қуритилган денгиз карамини ёқтиришини билиб қолган онам Кореядан келтирилган нарсаларини унга элтиб берди. Ўз навбатида Унг Вэн хола ҳам онамга егуликлар келтирди.
Плауэнга келганимизга икки йил бўлаётган бир вақтда биз Туйларнинг оиласи билан бир танадек бўлиб қолдик. Қиш пайтлари уйимиз эскилиги сабаб совуқ бўлар, Туйларнинг уйи эса ҳамиша иссиқ ва саранжом эди. Унг Вэн хола мени ўз қизидек кўрар, кўп саволлар бериб, ичимдагиларни билгиси келарди. У гоҳ Кореяда қайси мактабда ўқиганлигиму денгизга борганлигимни, гоҳ немис таомларидан нимани ёқтиришимни сўрарди. Унинг саволлари «Нега бўйинг бунчалик паст?»,деб камситганнамо сўрайдиган бошқалардан фарқ қиларди. У ёш боладек беғубор аёл эди.
Бир куни у мендан корейс ёзувида исмимни ёзишни сўради. У менинг ёзувимга қараб, жилмайди. Кейин у ўзининг, Хо амаким ва Туйнинг исмини ёзди. Шундан сўнг менга тикилиб:
-Сен болаликдаги бир дугонамга жуда ўхшайсан. У билан битта қишлоқда яшардик,-деди ва негадир синиқ кулимсиради. У баъзи хотираларини эсласа шундай ғамгин куларди. Уч ёшли синглим Да Ённи кўрганида ҳам шу ҳол такрорланганди. Вақт ўтган сайин холамнинг бахти ғам-андуҳ билан ёнма-ён эканлигини англай бошладим. Қачонлардир ундан болаликдаги суратини кўрсатишини сўрагандим. У маъюс бош чайқади:
– Йўқолган. Қанийди бир дона бўлса ҳам бўлганда… -сўнг бошимни силаб, – Афсуски, йўқотганларим фақатгина суратлар эмас,деди.
    У паст овозда сўзлар, юрагидаги ғамгинликни ҳис қилиб турардим.
      Гарчи Туйларнинг уйи ўз уйимдек бўлса-да, китоблар сақланадиган хонасига кириш иложсиз эди. Ҳеч ким у хонага киришни тақиқламас, аммо доим ёпиқ турганлиги сабабли кириб кўриш хаёлимга келмаган.
 Бир куни эшиги очиқлигини кўриб қолдим ва қизиқсиниб ичкарига кирдим. Эшик ёнида ёғочдан ясалган кичик шкафча эътиборимни тортди. Уйча шаклида ясалган шкафчада беш дона оқ-қора рангли суратлар ёпиштирилган ва ҳар бир сурат қаршисидаги идишчага қум тўлдирилган. Идишчаларга митти фонуслар ўрнатилган бўлиб, гугурт қутисидек келарди. «Оила аъзолари бўлса керак»,дея ўйладим. Ростини айтсам, ўлган одам суратини биринчи марта кўришим эди. Шунинг учун юрагимни ваҳм босди ва ортимга қайтдим. Хотирам панд бермаса, бир нафаригина қария бўлиб, қолганлари мен ва синглим Да Ён тенги болакайлар эди. Нега Туй ёки Унг Вэн хола бу нарсалар ҳақида гапирмаганлигини билгим келди. Аммо қўрқув буни сўрашга йўл бермади.
 Эртаси куни тарих дарсида ўқитувчимиз иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўзлаб бераркан:
-Ҳайриятки, бу урушдан кейин дунёда катта талофатли жангу жадаллар бўлмади,-деди.
Шу чоғда Туй қўлини кўтарди ва гапиришга рухсат берилгач:
-Йўқ!-деди.
-Нима йўқ?
-Вьетнамда уруш туфайли жуда кўп одамлар ўлди,-деди Туй дона-дона қилиб гапираркан. -Менинг бобом,бувим,аммам,холам,тоғаларим ўлди. Ҳарбийлар келиб, шунчаки ўлдираверишибди. Болалар ҳам ўлди. Онамнинг айтишича, бутун қишлоғимиз йўқ бўлиб кетибди.
  -Тўғри, Туйнинг гапида жон бор,-деди ўқитувчимиз, кейин синфга юзланиб гапирди,-Болалар, сизлар Вьетнам уруши ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Туй, ўртоқларингга Ватанингда бўлган уруш тўғрисида айтиб берасанми?
    Ўқитувчи Туйнинг фикрлашидан мамнун бўлганди. Лекин Туйнинг юзлари қизариб кетган, сал гапирса йиғлаб юборадиган ҳолатда эди. У оғзини юмган кўйи бошини эгиб тураверди.
-Туй, гапириб бер. Биз ҳам билишни истаймиз,-деди яна ўқитувчимиз.
 Туй сукут сақлашда давом этди. Шу пайт синфбошимиз Инга қўл кўтариб, гапира бошлади:
-Телевизорда кўрсатишганди. Вьетнам бу урушда матонат кўрсатган экан. Америка қўшинларидан беш юз минг одам ҳалок бўлган. Тинч аҳолидан эса икки миллион одам ўлган. Душманлар самолётда бомбалар ташлашиб, дов-дараҳтларни қуритадиган дори ҳам сепишибди.
Мен Туйнинг қип-қизил тусга кирган қулоқларидан кўз узмай ўтирибман. Ўқитувчимиз Ингани мақтаб қўйди ва мавзуни давом эттириб, бу уруш хато бўлганлигини айтди. Ўйлашимча, Туй ҳам шуни айтмоқчи эди. Шу чоғда унинг кўнглини кўтарадиган гап айтгим келдию индай олмадим. Унинг жисми синфхонада бўлсада, хаёлан бошқа жойда юрарди. Немис синфдошларимиз барибир унинг қалбини тушунмайдигандек туюлаверарди.
  Ўша куни кечки пайт Туйларнинг уйида Хо амаки тайёрлаган куксу ва мантини еб ўтирган эдик. Гап айланиб, ўша мавзуга қандай ўралашганлигини билмайман. Ўн бир ёшимда синглим туғилганидан буён бирор иш қилсам:«Ёш боламисан?»,дея дакки эшитардим. Катталар япон мустамлакаси ҳақида сўзлашаётган маҳалда мен ҳам билоғонлик қилгим келиб қолди. Корея тарихини ҳеч ким мендек билмайди. «Бундан бехабар Туй ва ота-онасига сўзлаб берсам дадам ва онамдан мақтов эшитаман»,деб ўйладим.
 -Корея ҳеч қаерга бостириб кирмаган,-дедим дадам ва онамга қараб олиб.
Дадам менинг гапларимни эшитмагандек, бир қиё ҳам боқмади. Онам эса:«Жим бўл, маҳмадона!»,деган маънода кўзларида им қоқди.
-Шўрвага тузни кўп солмадиммикан-а,-деди Хо амаки мавзуни ўзгартириш учун. Ҳамма менинг сўзларимга бепарволигини ҳазм қилолмадим ва:
-Гапларим рост. Биз ҳеч қачон бузғунчилик қилмаганмиз!-дедим.
Мен Ватанимизнинг тинчликпарварлигини айтиб, ҳаммаларини қойил қолдириш, улардан ширин сўзлар эшитишни кутгандим. Рўпарамда ўтирган дадамга умид билан тикилдим. Шунда дадам кутилмаганда корейсчалаб:
-Сен катталарнинг суҳбатига умуман аралашма, тушундингми? Ниманиям билардинг сен?-деб бақирди.
Дастурҳон атрофига йиғилганларнинг қўлларидаги қошиқлар ҳавода муаллақ қолди. Туй ва ота-онасининг олдида койиш эшитганимдан жуда уялдим ва кўзларимда ёш қалқиди. Охирги кучимни тўпладиму ҳамма тушуниши учун немисчалаб:
-Ватанимизда шундай таълим олганман. Корея ҳеч кимнинг дилини оғритмаган. Биз фақат заҳмат кўрганмиз,-дедим.
-Корейс аскарлари ўлдиришган,-деди Туй тўсатдан паст овозда. Лекин ҳамма буни эшитди. – Улар онамнинг оиласини ўлдиришган. Бувимдан эшитганман. Чақалоқларни ҳам аяшмаган.
   -Нималар деяпсан,Туй?-дедим унинг гапларига тушунолмай.
 Энди орага Унг Вэн хола қўшилди:
-Туй, кўп валдирама,-деди ва менга қараб, -Асабийлашма. Бу гапларнинг сенга алоқаси йўқ,деди.
Холанинг гапи вазиятни юмшата олмади. У менинг хафа бўлиб қолмаслигимни чин дилдан истаётганлиги кўзларидан билиниб турарди.
-Бу ишлар сен туғилишингдан аввал бўлиб ўтган. Сенда айб йўқ,-деди у менга ғамгин тикилиб.
-Мен билмаган эканман,- деди онам ҳам қўшиларкан,-Унг Вэн хоним, дардларингиздан бехабар эканмиз. Кечиринг.
Онам бошини эгиб Хо амаки ва Унг Вэн холага таъзим қилди.
       -Мен ўша қирғинларни ўз кўзим билан кўрганман,-деди Хо амаки қизарган кўзларини бир нуқтага тикиб, ғамгин жилмаяркан. -Узр сўраганингиз учун  раҳмат.
У гапини тамомлаб, алам билан кулимсиради. Бу хурсандликдан эмаслигини аниқ сездим. Шу пайт Унг Вэн хола эрига қараб биз тушунмайдиган вьетнам тилида бир нималар деди. Холамнинг сўзларини англамадим. Аммо у эрига юракни сиқадиган сўзларни бас қилишни сўраганлигини ҳис қилдим. Дадам эса ҳеч нарсани эшитмаётгандек, қўлидаги қадаҳни хўплаб ўтирибди. Онам дадамга юзланиб:
-Сиз ҳам бирон нима десангизчи…-деди корейсчалаб.
  -Мен нима дейишим керак? Айб бизда,дейинми? Сен калтафаҳм нега узр сўраяпсан? -деди дадам ҳам корейсчалаб бақираркан.
  -Доим шунақасиз. Ўлсангизам кечирим сўрашни билмайсиз. Шунчалик қийинми? Мен Унг Вэннинг ўрнида бўлганимда бошидаёқ оиламизни уйга қадам бостирмаган бўлардим. Бағри кенг аёл экан,-деди онам куйиниб.
 Дадам овқат учун миннатдорчилик билдирдию бир зум жим қолди. Сўнг фикрини жамлаб:
-Менинг акам ҳам ўша урушда ҳалок бўлган. У бор-йўғи йигирма ёшли оддий аскар эди,-деди. У ҳеч кимнинг кўзига қарашга юраги бетламаётган каби ерга тикилиб гапирарди.
-Улар қариялар ва болаларни ўлдиришди,-дея Унг Вэн хола гап қўшди.
-Ким жангчи, ким оддий аҳоли эканлигини ажратиш қийин бўлгандир балки,-деди дадам ҳам бўш келмай.
-Туғилганига бир ҳафта бўлган гўдаклар ҳам кўзларига жангчи бўлиб кўринганми? Мункиллаган чоллар ҳамми?
-Уруш ўз номи билан уруш…
-Бу босқинчилик,-дея Унг Вэн хола энди ичидаги дардини тўкиб сочди.
 -Хўп,тушундим, мен нима қилай? Мен ҳам акамни йўқотдимку. Ўтмишда қолди ҳаммаси. Менинг айбим нима урушда?- дадамнинг чинакамига ғазаби қўзий бошлади.
-Ўзингизни босинг,-деди онам дадамнинг жаҳли чиқиб, ақли қочаётганлигини чамалаб.
Унг Вэн хола ўрнидан турдию майда қадам ташлаб кутубхонага кириб кетди. Шу томондан эшикнинг ғийқиллагани эшитилди. Мени қўрқув исканжасига ола бошлади. Онам эса синглимни қучоқлаб, жим қолди. У мезбонларнинг дили оғриганлигини билиб, ўзини қўярга жой тополмаяпти.
-Кечиринг!-деди у яна Хо амакига қараб.-Сен ҳам кечир,Туй.
У шундай деб ташқарига чиқиб кетди. Мен стол устидаги сумка ва бошқа нарсаларни олдиму унга эргашдим. Унг Вэн холанинг уруш ҳақида айтганлари ҳануз қулоқларим остида жаранглар,бирдан табассум йўқолган тунд юзи кўз олдимдан кетмасди. Унинг гаплари дадамни ишонтириш, бизни айблаш ёки ўзини овутиш учун эмасди. Ичини кемираётган дарду аламларини айтиб:«Барибир сизлар тушунмайсизлар», деган ўйлар зоҳир эди. Бу кеч бизнинг орамизга кўринмас девор бўй чўзганди.
Онам Туйларнинг оиласи билан яқинликни тиклаш учун анча уринди. Кичкина қизалоқ бўлсамда бу энди иложсиз эканлигини англаб етгандим. Аммо онам бундай ўйламасди. У мен ва синглимни етаклаб бир неча марта Унг Вэн холанинг олдига борди. Сиртдан қараганда, ҳаммаси олдингидек: хола бизга чой ва ширинликлар тутар, онам билан суҳбатлашиб ўтирарди. Лекин барибир Унг Вэн хола аввалгидек эмасди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди. Онам эса орадаги тарангликни «дазмоллаш» учун ҳар доимгидан кўпроқ гапирди. Аммо онамнинг немисча талаффузи ғализлиги етмагандек, гаплари ҳам наф бермади: Унг Вэн холанинг кўзларидаги хафалик тарқалмади…
 Қиш ҳам кириб келди. Энди онам Унг Вэн холаникига бормай қўйди. Уйда холанинг оиласи тилга олинмас, ҳар шанба куни Туйларнинг уйида ўтадиган қувноқ оқшомлар ўрнини сокинлик эгаллади. Кечқурун телевизор кўрамизу уйқуга кетамиз. Аммо тун узун,кўзларда уйқу йўқ. Нариги хонада стулнинг ғирчиллашию онамнинг Кореядаги опа-сингиллари билан телефонда гаплашиши эшитилади. Эрта тонгда уйғонганимда онам ҳалиям шу жойида ўтирганди. Менинг чиққанлигимни сезмади шекилли, бир нуқтага тикилганча ўтираверди. Бироз ўтиб бир чўчиб тушдию менга кўзи тушди ва маъносиз жилмайди. Кейин меҳмондорчиликка борганида киядиган барча либосларини бир четга йиғиб қўйди. Ҳар якшанба шаҳар ташқарисидаги ўрмон сайрига ёки гул бозорига боришни ёқтирадиган онам синглимнинг хонасида шифтга термулиб ётарди. Онам уйқуга кетганида супур-сидир қилатуриб чиқинди идишда бир қанча суратларга кўзим тушди. Менинг чақалоқлигимда тушган суратларим…Дадам ва онамнинг мени қучганча бахтга тўлиқ дамлари… Суратлар ҳаммаси йиртиб ташланганди. Синглимнинг ёнида ухлаётган онам биздан анча йироқлашиб кетгандек ва бундан кейин уни бутунлай йўқотиб қўядигандек туюлди.
Орадан бир неча кун ўтиб, онам ихчам совға қутичасини бериб, Туйга бериб қўйишни тайинлади. Кореяга қайтадиган вақтимиз яқинлашмоқда эди. Вақт шовуллаган сувдек ўтиб кетди. Ўша куни қалин қор ёғди. Мен деразамдан ташқарини томоша қилиб ўтирибман.Боғ ичидаги йўлакча қорлари куралган. Одамлар шу йўлакчадан пилдираб ўтишаяпти. Ногаҳон Туйни кўриб қолдим. Сакраб-сакраб, бурнини жийириб кетаётган болакайни кўрмаслик мумкин эмасди. У атрофга алангларкан, дераза орқали менга кўзи тушиб қўл кўтарди. Устимга қалинроқ кийиндим ва совға қутичасини олдиму ташқарига чиқдим. Айланиб, боғ томонга ўтганимда Туй кўринмасди. Қорда унинг оёқ излари турибди. Атрофга аланглаб, кўзларим билан изладим. Узоқдан лўкиллаб югуриб келган Туй қаҳ-қаҳ отиб кулди.  
-Нега юзингни бураяпсан? Ҳалиям хафамисан?-деди у кулишдан тўхтаб.
-Бошқа бундай ҳазиллашма,-дедим.
-Ҳой, бу нимаси? Ахир биринчи мартамаску бу,- деди у кўзларини катта-катта очиб.-Хўп. Бошқа қайтарилмайди.
 Мен йиғламоқдан бери бўлиб турардим. У менга обдон тикилиб қолди ва икки қўлини олдинга чўзиб, итнинг қилиқларини қила бошлади. Мен кулиб юбордим. У дўстларининг юзига табассум қўндириш учун масхарабозлик қилиб турарди. Кейинчалик англаганим шу бўлдики, ичида дарди кўп инсон ўзгаларни қувонтиришга кўпроқ интилар экан. Туй жисман болакай бўлсада, руҳан улғайиб бўлган эди.
  -Бироздан кейин онам шу ердан ўтади,-деди у.-Шу кунларда қайсидир тўгаракка қатнашаяпти. Дарси тугайдиган вақт бўлиб қолди.
Туй билан гаплашмаганимизга анча бўлганди. Мактабда кўришсак ҳам бирор марта дилдан суҳбатлашмагандик. Назаримда, унинг бўйлари чўзилиб, улғайиб қолгандек.
Биз боғдаги ўриндиққа ўтирдик.
-Ўшанда сени ранжитиш ниятим йўқ эди, -деди Туй  бир йил аввал уйларида бўлган дилхираликни эслаб.-Бундан афсусдаман.
 Мен нима дейишимни билмай бир зум тараддудландим ва:
-Сен ҳам мени кечир,дедим.
 Ўзим анчадан бери Туйдан узр сўрашни дилимга тугиб юргандим. Унинг кўзлари ҳайратдан катталашди. Сал шабада туриб, дараҳтдаги қор парчалари бошимизга ёғилди.
-Оилавий қайғуларингдан бехабар эдим. Кечир,-дедим мен шивирлаб.
Менинг бу гапларим ҳеч нарсани ўзгартирмаса ҳам анча енгил тортдим. У оёғи билан ер чизиб ўтирар, ҳаво совуқлигидан оғзидан буғ чиқарди. У сумкасидан қалин конверт чиқариб, менга узатди:
-Бу сенга,Вудстак!
Конверт ичида расмли китобча борлигини сездим. Туй иккимиз китобдаги кучукчалар каби дўст эдик. Бундан кейин ҳеч ким мени «Вудстак»,деб чақирмаслигини ҳис қилиб турибман.
 Унг Вэн хола келгунга қадар ҳазил-ҳузул қилиб, қиқирлашиб ўтирдик. Узоқдан кўринган холам бизга қўлларини силкитди. У келиб, менинг ёнимга чўкди.
-Қачон кетаяпсизлар?-сўради у ҳорғин овозда.
-Эртага тунда учамиз!-дедим ва бир нуқтага тикилиб қолган Унг Вэн холанинг тиззасига совға қутичасини қўйдим. -Буни онам сизга беришимни сўради.
Унг Вэн хола қутича сиртидаги қоғозни сидириб, аста қутичани очди. Унинг ичида уч жуфтдан шарф, юнгли қалпоқ ва қўлқоп турарди. Онам бу нарсаларни кузда мукка тушиб, ўз қўллари билан тўқиган эди. Ундан ким учун тўқиётганлигини сўраганимда:
-Шунчаки,зерикдимда,болам,-дея ҳазин овозда жавоб берганлиги эсимда.
Унг Вэн хола юнгли қалпоқни олиб бошига қўндирди. Қалпоқнинг қалин юнгдан тайёрланганлигини айтмаса, холам ёзда бошига киядиган шапкага ўхшарди. Холам атиргул шакли билан безатилган қалпоқ, шарф ва қўлқопни олиб, қимматбаҳо буюмга тикигандек кўздан кечирди. Туй учун тўқилган қалпоқни унинг бошига кийдирди. Холам оғзини маҳкам юмган, бурни ҳиқиллаб йиғламоқдан бери ҳолда эди. Унинг йиғисини биринчи марта кўриб турибман. Ҳатто, уйидаги меҳмондорчиликда уруш ҳақида алам билан гапирганида ҳам кўзлари нам тортмаган эди. Мен унинг юзларига тикилдим. Ажин босган юзларини кўзёш юва бошлаган. Холамнинг қалпоғига қўнган қор парчасини пуфлаб туширдим. Сўнг вьетнам тилида ҳайрлашдим:
-Шинчао!
 Унг Вэн холам ва Туй ҳам худди шундай жавоб қайтаришди.
 Мен улар билан бошқача видолашишни истагандим. Унг Вэн холамнинг уйимизга киришини, оиламиз билан ҳайрлашишини, онам тўқиган қалпоқни кийиб киришларини, онамнинг уларни кўриб қувонишини хоҳлагандим. Лекин қучоқлаб,ўпиб йиғлашлару ҳаяжонли дақиқалар рўй бермади. «Алвидо!». Лаблардан шу сўзгина учди,холос. Биз ўриндиқдан туриб, йўлакча бўйлаб қорларни ғичирлатганча юриб кетдик. Мен уйимизга бурилганимда Унг Вэн хола ва Туй қадамини тезлатди. Туй икки марта ортига ўгирилиб, менга кўз қирини ташлади. Аммо юришдан тўхтамади. Мен ич-ичимдан уларнинг қайтиб келишларини истадим. Улар аллақачон кўздан ғойиб бўлишганди. Келмасликларини билсам ҳам дарвозамиз олдида уларни анча кутиб ўтирдим. Юрагим ҳапқириб, Туйларнинг уйи олдигача бордим. Бироқ кўчада ҳеч ким кўринмасди…
Ҳаёт ўзи шундай бешафқат: ришталар узилса – кимдир қолади, кимлардир эса кетади. Икки томон ҳам юраги ўртаниб қолаверади. Кўп йиллар Германияга иш юзасидан келган бўлсамда Плауэнга боришга ҳафсала ва вақт бўлмади. Ўтган гал келганимда Плауэндан поездда икки соатлик йўл бўлган Лейпцигда ўн кун бўлдим. Аммо юрак ютиб бора олмадим. У ерда совуқ айрилиғу йиғига гувоҳ йўллар қолган. Кимлардандир айрилиб, кейинчалик кулимсираганча кўришиб кетаверасан. Кимлар билан эса аксинча. Онам оламдан ўтганига бир йил тўлгач, мен Плауэнга келишга аҳд қилдим. Қуёш илиқ нурларини саҳийларча аямаётган эрта баҳор. Шаҳарча менинг хотираларимдагидан кичрайиб қолгандек туюлди. Мен ўқиган мактаб биноси ўрнида кичик фабрика очилибди. Ҳар жой – ҳар жойда қариялар сигарет тутатиб ўтирибди. Мен яшаган уй олдига келдим. Деразадан боғда ўтаётган одамлар ва Туйнинг масхарабоз қилиқларини томоша қилганларим ёдимга тушди. Юзимга табассум қўнди. Туй менга совға қилган расмли китоб ҳалигача жавонимда турибди. Оқ-қора рангли расмлар бўлса-да, ундаги Вудстак қаламда сариқ рангга бўялган эди. Ҳар сафар китобни варақлаганимда Туйнинг илиқ тафтини ҳис қиламан.
Туйларнинг уйини осонгина топдим. Уй рўпарасидаги ўриндиққа ўтириб, ўйчан ҳолда қотдим. Анови дераза ошхона тараф бўлса керак. Ўша деразадан дараҳтзор аниқ-тиниқ кўринарди. Хо амаки ошхонада таом ҳозирлашни хуш кўрарди. У тайёрлаган гўштли шўрваю қайнатилган гуруч иси, Унг Вэн холамнинг гуручли кулчалари мазаси ҳануз ёдимда. Мен эса Туй билан деворга суянганча расмли китоб варақлаб ўтирганларимиз…Юрагимда хазинлик ҳукм сураяпти.Дўстларидан айрилишни истамай қанча ҳаракат қилган онам ва қалб изтиробларини ичига ютиб, бизни ранжитмасликка уринган Унг Вэн холамнинг бирга қўшиқ куйлаган бахтли дамлари мана шу уйда ўтди.
 Oнамни тупроққа қўйганимизда унинг ортидан йиғлаб қолган одамлар бармоқ билан санарли эди.
-У болалигидан бери одамови ва ўзига ҳеч кимни яқинлаштирмас эди,-дейишди холаларим.
Шу чоғларда онамни:«Севгиси чексиз аёл»,дея мақтаган Унг Вэн холам ёдимга келаверди. У онамдаги бошқалар илғамаган нарсаларни кўра олган ягона инсон эди. У онамнинг гўзаллигини кўрар, унинг назарида онамнинг заиф томони йўқ эди. У онамни борлигича ҳурмат қилди. Онамга боғлиқ бўлмаган нарсалар уларни ажратиб юборди.
Кореяга қайтганимиздан кейин онам бирор дўст топа олмади. У бизга билдирмаса ҳам Унг Вэн холани соғинишини сезардим.
-Эсимда йўқ,-деб рад этса ҳам хола унинг юрагида эди.
   Онам умрбўйи дўстга зор ўтди…
Унг Вэн хола мени очиқ чеҳра билан кутиб олди.
-Хо амакинг билан бу ерда ёлғиз яшаймиз. Туй Ҳамбургда ишлаяпти,-деди у.
Мен холага ҳамма кечмишимизни айтмадим. Аммо:«Онанг яхшими?»,деб сўраганида бор ҳақиқатни айтишга мажбур бўлдим. Иккимиз ҳам бир-биримиздан кўз узолмай қолдик. Унг Вэн хола кўзларимга маҳзунликда оламдан ўтган онамни эслатиб юборди. Вьетнам тилида «Шинчао»дан бошқа сўзни билмайдиган онам! Унг Вэн хола ҳам менинг нигоҳларимда онамни кўрди шекилли, кўзлари чўғдек ёнди. Биз бир-биримизга тинмай:«Шинчао»,дея бошладик. Иккимиз ҳам онамни соғинган эдик…

 (Корейс тилидан Отабек Йўлдошев таржимаси)

Муаллиф ҳақида

Чой Ун Ёнг – Жанубий Корея адабиётида ўзига хос услубга эга ёш ёзувчилардан бири ҳисобланади. У 1984 йили Кёнгидо вилояти Гвангмёнг шаҳрида туғилган. Жанубий Кореянинг Корё университети тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. Унинг «Хён Нам акамга», «Ўша ёз фасли» номли ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашрдан чиққан.