Жорий йилдан Корея Республикасига меҳнат қилиш учун кетаётган фуқаролар учун янги тартиб жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Kun.uz’га маълум қилди.

Аввалдан белгиланган тартибга кўра, фуқаролар ва кореялик иш берувчилар ўртасида 4 йилу 10 ой муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаси тузилади. Бироқ барча меҳнат мигрантлари ҳам бу муддат охирига қадар иш жойларида қолишаётгани йўқ.

«Баъзи фуқароларимизнинг шартномадаги иш жойига ва ойлик маошига қаноатланмай, ишдан кетиб қолиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, бир жойда меҳнат қилса, маош ҳам муттасил ошиб боради. Бундай муносабат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин», – деди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Равшан Ибрагимов.

Аввалги қоидаларга биноан, агар меҳнат муҳожирлари Кореяда шартномасини бекор қилиб, иш жойларини ўзгартиришса, 1000 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик жарима тўлашга мажбур бўлишарди. Эндиликда бундай ҳолатлар кузатилганда ходим шартнома муддати охирига қадар қолган ҳар ой учун 1500 АҚШ доллар миқдорида жаримага тортиладиган бўлди.

Маълумот учун, Корея Республикасига Ўзбекистондан ташқари яна 15 та давлат ўз фуқароларини меҳнат қилиш учун юборади. Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, янги тартиб мазкур давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда жорий қилинмоқда. Хусусан, Вьетнам худди шундай вазиятлар учун 3000 долларлик жарима белгилаган.