Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 8 ойдан буён Корея Республикасининг Сеул шаҳридаги шифохонада оғир аҳволда ётган Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқилов билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.

Аввалроқ «Озодлик» радиоси таҳририятга юборилган хатни эълон қилган, унда Абрам Оқилов ва унинг оиласи ёрдамга муҳтожлиги ёзилган эди. Мақолада меҳнат мигрантининг шифохонадаги палатасидан видео ҳам илова қилинган.

27 февраль куни Ўзбекистон ташқи миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги вакили Алишер Сулаймонов беморни кўриб, унинг акаси Азиз Оқилов билан учрашди.

Вазирлик маълумотига кўра, Абрам Оқилов 2018 йил 27 июнда ўзи ишлаган пластик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехи директори билан бирга шифохонага саломатлигидаги муаммо билан мурожаат қилади. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади ва укол қилинади. Шундан сўнг у номаълум сабабга кўра комага тушиб қолади. Шифокорлар унга «организмда ўткир калий етишмовчилиги» ташҳисини қўйди. Шу сабабли Оқиловнинг асаб тизими ҳамда миясининг бир қисми ишлашдан тўхтаган.

Йигит шифохонага ётқизилган. Узоқ вақт ҳаракатсиз ётгани сабабли бемор танасининг турли қисмларида ётоқ яралари пайдо бўлиб, йиринглаш бошланган. Ҳозирги вақтда Абрам Оқиловнинг аҳволи оғир, аммо барқарор, дея хабар қилди Меҳнат вазирлиги.

2018 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, шифохонада даволаниш ҳақи 103,1 минг корейс вони (93 минг долларга яқин) миқдорида ҳисобланган. Бироқ ҳозирча ҳеч ким айбни зиммасига олгани йўқ ва суғурта компаниясининг махсус инспекцияси текширув олиб бормоқда. Инспекция хулосасини тақдим этганидан сўнг иш судга топширилади ва якуний қарор қабул қилинади.

Жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов зарур маълумотларни тўплаш ва ҳужжатларни тегишли инстанцияларга тақдим этиш учун адвокат ёллаган. У ҳодиса айбдорини (шифохона ёки иш берувчи) аниқлаш ҳамда онаси ва опаси учун уч ойлик виза олишга ёрдам кўрсатилишини сўради.

Абрам Оқиловни Ўзбекистонга олиб келиш ва унинг даволанишигакўмак кўрсатиш белгиланган.

«Вазият бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг шахсий назорати остида», — дея қайд этди Меҳнат вазирлиги.

Ўзбекистон ТИВ ҳам аввалроқ Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси вазиятни назоратга олганини маълум қилган эди.

Манба: Gazeta.uz