Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасида ишга жойлаштириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган квоталар оширилди, дея хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.

Хабарда қайд этилишича, Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги 2019 йил учун мўлжалланган квоталар сонини 3200 тага оширди (2018 йилда квоталар сони 3100 та эди).

Ўтган йиллар давомида ушбу тизим орқали 31628 нафар ўзбекистонлик иш билан таъминланган. Бундан асосий мақсад Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритаётган фуқаролар Ўзбекистонга қайтиб келгач, уларнинг хорижда эгаллаган билим ва кўникмаларини Ўзбекистон амалиётига тадбиқ этишдан иборатдир.

Ҳозирги вақтда «Эркин ёллаш тизими» орқали Корея Республикаси 16 давлатдан ишчи кучини жалб қилади. Корея Республикасида ишга жойлаштирилган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат қилиш муддати 4 йилу 10 ойгача бўлган муддатни ташкил этади. 2019-йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Корея Республикасида ишга жойлаштириш жараёни изчил давом этмоқда.

Ушбу квоталанган иш ўрниларини тўлиқ қамраб олиш учун Корея иш берувчиларига тақдим этиладиган мавжуд номзодларнинг заҳираланган сони бугунги кунда 4980 нафарни, шулардан ишлаб чиқариш соҳасига 4800 нафарни ва хизмат кўрсатиш соҳасига 180 нафарни ташкил этади.