23 августда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Telegram-каналида хабар қилинди.

Қарорга кўра, Фарғонада Sejong халқаро университетининг филиали очилади. Янги университет халқаро таълим стандартлари даражасида иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш бўйича муҳим масалаларни ҳал қила оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлайди.

Университетда таълим кундузги шаклда амалга оширилади ва корейс, инглиз ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда ва Жанубий Кореяда тан олинувчи белгиланган намунадаги дипломлар берилади. Олий таълим муассасаси сайтида ўқиш учун тўлов факультетга боғлиқ равишда 2800-3000 долларни ташкил қилиши кўрсатилган.

Университет сайтида илк талабалар 2019/2020 ўқув йилидан қабул қилиниши кўрсатилган. Биринчи йил таълим муассасасида 9 та йўналиш бўйича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 14 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади.

Дастлаб бу ерда мактабгача таълим, туризм менежменти, компьютер дастурлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, архитектуравий лойиҳалаш, электр энергетика, автомобилсозлик, корейс тили, гўзаллик индустриясида менежмент таълим йўналишлари очилади.

Университет ректори Пак Жуун Хунинг таъкидлашича, жорий йилда таълим муассасасига мингга яқин талаба қабул қилинади. Университет дипломлари Жанубий Кореяда ҳам тан олиниб, у ерда ишлаш ҳуқуқини беради.