30 август куни Чунгнам провинциясида (Корея Республикаси) иш жойида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли Ўзбекистон фуқароси Х.С. вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Элчихона мазкур вазиятни назоратга олган ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда ҳамюртимизнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган ҳамда Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Сеул шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +82-02-574-65-54, +82-02-577-36-60.