Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Ангрен шаҳрида Кукмин университетининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Унга кўра, Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жанубий Корея Кукмин университети KBFBSI ва G-global star group инвесторлар гуруҳининг (Жанубий Корея) олий таълим соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш учун Ангрен шаҳрида Кукмин университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Университетда таъсисчилар улуши Кукмин университети KBFBSI – 55 фоиз, G-global star group – 45 фоиз эканлиги инобатга олинади.

Университетнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича юқори турувчи ташкилот Жанубий Корея Кукмин университети KBFBSI бўлиб, университетга қабул параметрлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Кукмин университети KBFBSI томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилади.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланиши инобатга олинади:

  • Тошкент вилоятининг ижтимоий-иқтисодиёт ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартларга мувофиқ сифатли тайёрлаш;
  • ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан, ишлаб чиқариш ва амалиёт олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
  • ўқув жараёнига хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассисларнинг жалб этилишини таъминлаш;
  • республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш.

Университет фаолияти Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек, таъсисчилар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади.

Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, 5/4 даҳа «Ёшлик» маҳалласида жойлашган 1-сон умумий ўрта таълим муассасаси (собиқ Ангрен туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи) бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга узоқ муддатли мақсадли фойдаланиш ҳуқуқи билан университетга берилишини таъминлайди.

Февраль ойининг охирларида Ангрен шаҳрида Кукмин университетини очиш бўйича дастлабки келишув имзолангани ҳақида хабар берилганди. Жанубий Кореянинг мазкур олий таълим муассасасига 1946 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибида 15 та факультет фаолият юритиб келмоқда.

манба