10 июнь куни Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва пандемия сабабли Ўзбекистонда таътилда бўлган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс орқали Сеулга жўнаб кетди, дея хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Таъкидлаш жоизки, пандемия сабабли мамлакатлараро авиақатновларнинг тўхтатилиши оқибатида Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар иш жойларига қайтиб кета олмаётган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги дунё меҳнат бозорида юзага келаётган инқирозли вазиятда фуқароларнинг хориждаги иш жойларини сақлаб қолиш мақсадида Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан музокаралар олиб борди.

Ушбу фуқароларнинг Корея Республикасига бориши учун қатор талаблар қўйилган. Жумладан, мазкур давлат ҳудудига киришдан олдин фуқаролар Жанубий Кореяда 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимини тузиш, Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати фуқаронинг розилик битимида кўрсатилган ўзини-ўзи яккалаш жойини ўрганади. Ўрганиш натижасига кўра, фуқаролар томонидан ўзини-ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, уларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади.

Корея Республикасидаги эпидемиологик вазият туфайли ишчи визасига эга фуқароларнинг мамлакатга кириб боришида чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир чартер рейсда йўловчилар сони 60 нафардан ошмаслиги белгиланган.

Маълумот учун, шу пайтгача агентлик 52 мингдан ортиқ фуқарони Кореяга ишга жўнатган. Айни пайтда Корея Республикасида 14 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси вақтинчалик қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

манба