Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси Қўқон шаҳри ҳокими М. Усмонов, «Group Eight» ва «LYA Cosmetics» компаниялари президенти Сонг Бёнг Жун ўртасида видеоконференсалоқа шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Корея Республикасининг Савдо, иқтисодиёт ва саноат вазирилиги ҳузуридаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Шунингдек, учрашувда Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси ўринбосари Ким Чанг Кеон ва «Group Eight» компанияси вице-президенти Ю Жун Хо иштирок этди.

Музокараларда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида «LYA Nature» бренди остида косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур бренд “Сарой жавоҳири” сериалида бош ролни ижро этган, Ўзбекистонда Тангем (Тежангим) исми билан танилган Жанубий кореялик актриса Ли Ёнг Энга тегишлидир.

Ҳоким М. Усмонов янги сармоявий лойиҳани қўллаб-қувватлашини маълум қилди ва «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Фарғона водийси косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бой хомашё базасига эга. Хусусан, вилоятнинг тоғли ҳудудларида жойлашган ўрмончилик хўжаликларида шифобахш гиёҳлар етиштириш имкони бор. Қўқон ҳудудида парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ишлатиладиган мевалар данагидан экстракт мой оладиган корхона фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, сут маҳсулотларидан олинган зардоб ҳамда ҳудуддаги чорвачилик хўжаликларидан биомаҳсулотлар етказиб бериш имконияти мавжуд.

Сонг Бёнг Жуннинг таъкидлашича, косметик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун табиий хомашё бўлиши зарур, сабаби «LYA Nature» компаниясининг асосий тартиб қоидаларидан бири компания маҳсулотларида фақат экологик соф унсурлардан фойдаланилади.

Ким Чанг Кеон Қўқондаги лойиҳани самарали амалга ошириш учун инженерлик-коммуникация инфратузилмасига эга ер участкаси ажратилиши лозимлигини айтди. Бундан ташқари, Жанубий кореяликлар томонидан тез фурсатларда сармоявий лойиҳанинг амалиётга жорий қилиш учун ҳамкорлик тўғрисида меморандумни тайёрлаш, тасдиқлаш ва имзолаш таклиф этилди.

«LYA Nature» компанияси раҳбари Ўзбекистон минтақада ҳал қилувчи роль ўйнашини, МДҲ, Осиё, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига кириб борадиган кўп миллионли бозор марказида жойлашганини қайд этди.

Бугунги кунда компания Марказий Осиё бозорларининг устуворлиги, кўлами ва ўзига хослигини ўрганиш борасида изчил изланишлар олиб боряпти. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон томонига ўрганиб чиқиш ва ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлик стратегиясини белгилаб олиш учун, шунингдек, тайёр маҳсулотларни минтақанинг катта шаҳарларида йирик савдо тармоқларини яратиш орқали сотишни амалга ошириш учун юборилади.

Томонлар алоқаларни фаол давом эттиришга, хусусан, ҳамкорликдаги меморандумни тез кунларда имзолаш ва сармоявий лойиҳани амалиётда бошланишини амалга оширишга келишиб олди.