Пандемия сабабли мамлакатлар ўртасида авиақатновларнинг вақтинча тўхтатилиши оқибатида Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар иш жойига қайтиб кета олмаётган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борилган ўзаро музокаралар натижасида меҳнат таътилига келган ана шундай фуқаролардан навбатдаги гуруҳи – 29 нафари ташкиллаштирилган ҳолда Корея Республикасидаги ўз иш жойларига чартер рейс орқали жўнаб кетди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, пандемия даврида Корея Республикасига кириб боришга рухсат олиш учун розилик битимини тўлдиришдан олдин иш берувчи билан карантинда сақлаш жойини аниқлаштириш (иш берувчи хабарсиз қолмаслиги керак) ҳамда ҳаққоний маълумотларни розилик битимига киритиш, карантин жойи корхона жойлашган ҳудудда (шаҳарда) кўрсатилган бўлиши лозим. Иш берувчининг меҳнат мигрантини чақириш ҳақидаги ёзма розилик хати қўллаб-қувватланади.

Нотўғри берилган маълумотлар фуқаронинг Корея Республикасига кириб боролмаслигига ҳамда ушбу мамлакат ҳудудига кириш учун тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтмиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ушбу хизматлари бепул амалга оширилмоқда.
Фирибгарлик ёки ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида бирор ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига 71 202 33 55 (11) телефон рақами орқали хабар беришингиз сўралади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати рухсатига эга бўлмаган 8 нафар фуқаро (Д.Усманов, Б.Маҳмудов, М.Умаров, М.Баротов, Т.Ҳаитов, Б.Латифов, А.Азимов, М.Зиятов) авиачипта сотиб олган, оқибатда авиакомпания уларга парвоз бортига киришга рухсат бермаган.

Натижада фуқароларнинг ушбу ҳаракатлари ортиқча оворагарчилик ва харажатларга сабаб бўлган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда Корея Республикасидан таътилга келган фуқароларни навбати билан ўз иш жойларига қайтариш борасидаги ишларини давом эттиради.

манба