Корея Республикасидан таътилга келиб, 30 июнь куни чартер рейс билан Сеулга учиб кетган фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда Arirang.uz сайти Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, фуқаро кетишдан аввал қатор тиббий кўриклардан ўтган, шу жумладан коронавирус касаллигига қарши тест топширган. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, унда коронавирус аниқланган ва даволаниш учун назоратга олинган.

Агентлик юқоридагилардан келиб чиқиб, Корея Республикасига ишга кетишни режалаштираётган фуқаролардан коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли республикада жорий этилган эпидемиологик-гигиеник талабларга қаттиқ риоя қилишларини, аҳоли гавжум жойларга бормасликни, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар чекланишни сўради.

Маълумот учун, Корея Республикасида ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар пандемия сабабли мамлакатлар ўртасида авиақатновларнинг вақтинча тўхтатилиши оқибатида иш жойига қайтиб кета олмаётган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борилган музокаралар натижасида меҳнат таътилига келган фуқаролардан 60 нафари жорий йилнинг июнь ойида жўнатилган эди. 6 июль куни ҳам ана шундай фуқаролардан яна 45 нафари чартер рейс орқали учиб кетди.

Алоҳида таъкидланишича, пандемия даврида Корея Республикасига кириб бориш учун рухсат олиш розилик битимини тўлдиришдан олдин карантинда сақлаш жойини иш берувчи билан аниқлаштириш ҳамда розилик битимига ҳаққоний маълумотларни киритиш, карантин жойи корхона жойлашган ҳудудда бўлиши лозим. Иш берувчининг меҳнат мигрантини чақириш ҳақидаги розилик хати қўллаб-қувватланади.

Нотўғри берилган маълумотлар фуқаронинг Корея Республикасига кириб боролмаслигига ҳамда ушбу мамлакат ҳудудига кириш учун тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтмиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ушбу хизматлари бепул амалга оширилмоқда.
Фирибгарлик ёки ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида бирор ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига 71 202 33 55 (ички рақам 41, 46, 11) телефон рақами орқали хабар беришингиз сўралади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда Корея Республикасидан таътилга келган фуқароларни навбати билан ўз иш жойларига қайтариш борасидаги ишларини давом эттиради.