2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги савдо айланмаси 27 фоизга ошди ва 2,7 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган 5 йил давомида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо билан учрашув якунлари бўйича хабар берди.

Маълум қилинишича, 6−7 июль кунлари Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигида ҳукумат делегациясининг Сеулга бўлган амалий ташрифи давомида Корея ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва, халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) президенти ҳамда савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо билан учрашув ўтказди.

Ташқи ишлар вазири

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Корея ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан бўлган учрашуви чоғида икки томонлама шерикликнинг кенг кўламли масалалари, шунингдек, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди ва қатор битим ва шартномалар имзоланди.

Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича энг катта муваффақиятга эришган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган Кореянинг бу борадаги илғор амалиётини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги «KOICA» президенти

KOICA президенти билан учрашувда ҳамкорликнинг фаол суръатлари таъкидланди.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегияси доирасида республикада 30 млн доллар миқдорида 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда, шундан 2020 йилнинг иккинчи яримида таълим, соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш ва давлат бошқаруви каби устувор йўналишларда 27,5 млн доллар миқдоридаги 3 та янги лойиҳани ишга тушириш кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг апрель ойида Корея Республикаси президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида ИТСВ ва KOICA ўртасида имзоланган 2020−2022 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли Дастурни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган изчил қўшма ишлар туфайли 45,5 млн доллар миқдоридаги 5 та лойиҳа аллақачон маъқулланди. Муваффақиятли лойиҳалардан бири — 2020 йили май ойида Тошкент шаҳрида очилган Кўп тармоқли болалар тиббиёт марказидир.

Хабарга кўра, Кореянинг KOFIH халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси билан бирга сифатли тиббий хизмат ва беморларнинг хавфсизлик тизимлари соҳасида ўқув дастурларини ташкил қилишни назарда тутган 2021−2024 йилларда Ўзбекистон Тиббиёт ходимларининг малакасини ҳар томонлама ошириш дастурини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Агентлик томонидан тасдиқланган бир қатор бошқа лойиҳалар, шу жумладан, қиймати 14 млн доллар бўлган „Урганч шаҳрида Профессионал таълим марказини ва Миллий малака тизимини яратиш“, шунингдек, қиймати 5,5 млн доллар бўлган „Бизнес-инкубаторлар тармоғини яратиш ва Ўзбекистонда тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш“ каби лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш учун истиқболли механизмлар алоҳида муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Савдо, саноат ва энергетика вазири

Ҳукумат делегацияси 7 июль куни Жанубий Кореянинг савдо, саноат ва энергетика вазири билан ҳам учрашиб, музокаралар давомида ўзаро савдо ривожланишида кузатилган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилга бориб 5 млрд долларга етказиш учун барча шарт-шароитлар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, учрашув мобайнида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги эркин савдо битими лойиҳасини идоралараро келишиш босқичига ўтишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ҳужжат лойиҳаси бўйича дастлабки ўрганишлар жорий йилнинг июнь ойи охирида якунлангани маълум қилинди.

Шунингдек, Кореянинг жалб қилинадиган грант маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган Ўзбекистон миллий онлайн-электрон савдо платформасини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тартиблари ва шакли юзасидан келишиб олинди.

Томонлар икки мамлакатнинг инвестиция ҳамкорлиги масаласига эътибор қаратишди. Бунда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги 79 та устувор инвестиция лойиҳаласининг умумий қиймати ҳозирги кунда 17,3 млрд долларни ташкил этиши маълум қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Корея ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги 10- йиғилишини ўтказиш, шунингдек, 2020 йилнинг октябрь ойида Сеулда ҳар икки мамлакат ишбилармон доираларини таклиф этган ҳолда бизнес-форумни ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

манба

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

*
*