Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг (HRD) Ўзбекистондаги вакили, EPS тест имтиҳонларини ўтказиш маркази директори Сонг Санг Жин билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келган, шунингдек, EPS тест имтиҳонларидан ўтган фуқароларни ушбу мамлакатга жўнатиш борасидаги масалалар муҳокама этилди.

Сонг Санг Жин берган маълумотларга кўра, Корея Республикасига хорижий мамлакатлардан кириб келаётган фуқаролар орасидан ҳар куни 30 тадан 50 тагача коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Мазкур ҳолат Жанубий Кореяга ишлаш учун кириб келаётган меҳнат мигрантлари сони ҳамда хорижий давлатлар ўртасида ташкил этилаётган авиарейсларга таъсир этиши мумкин.

Учрашувда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келган ҳамда EPS тест имтиҳонларидан ўтган фуқароларни ушбу мамлакатга жўнатиш жараёнини тезлаштириш юзасидан таклиф билдирилди.

Таъкидлаш жоизки, Агентлик дунёдаги бугунги эпидемиологик вазиятда фуқаролар саломатлигини асрашдаги энг долзарб вазифаларни инобатга олиб, келажакда тартибли, хавфсиз ва қонунийлик принциплари асосида фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради.