Корея Республикасининг Квангянг шаҳрида 34 ёшли Ўзбекистон фуқаросида янги турдаги коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати аниқланган.

2018 йилдан буён Квангянг шаҳридаги «Doowon Corporation» корхонасида ишлаб келган ҳамюртимиз меҳнат таътили вақтида Ўзбекистонга келиб, жорий йилнинг 6 июль куни чартер рейс орқали Корея Республикасига учиб кетган эди.

Жорий йилнинг 7 июль куни Инчхон халқаро аэропортига учиб борган ҳамюртимиз тест топшириш учун аэропортдан тиббиёт марказига, шундан сўнг ўзини ўзи изоляция қилиш манзилига борган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси ва Квангянг шаҳрининг Соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратида бўлган Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилган. Даволанишнинг тахминий даври 10-14 кунни ташкил этади.