Фарғонада Кореяга ишлашга жўнатаман деб 23 кишининг 48 минг долларини олиб, ваъдасининг устидан чиқмаган фирибгар аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Қайд этилишича, шу йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.И. номаълум шахс ишончига кириб, ўзини ва яна 22 нафар танишларини Жанубий Корея давлатига ишлаш учун боришда ёрдам беришини айтиб, алдов йўли билан 48400 долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига учун сарфлаб юборган. Натижа бўлмаганидан сўнг ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида мазкур жиноятни Ч.С. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.