Бугунги ёшлар қайсидир соҳаларда балки бундан 10 йил олдинги тенгқурларидан ортда қолгани ростдир. Аммо замонавий фикрлаши, техника-технологияни яхши тушуна олиши, бир нечта хорижий тилларни яхши ўзлаштирганлиги билан улардан ажралиб туради. Тил билиши эса уларни чет давлатларда таълим ва тажриба ортиришига асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. MYHOMEWORK.UZ онлайн мактаби асосчиси ва раҳбари Абдуллоҳ АБДУЛАҲАДОВ ҳам худди шундай умидли ёшлардан. Ҳозирда у Жанубий Кореянинг Сежонг университетида Бизнес бошқаруви, Туризмни ривожлантириш ва уни бошқариш соҳаси бўйича таҳсил олмоқда.

Нега айнан Сежонг университетида таҳсил олишни танлагансиз?

– Сежонг университетини танлашимдан мақсад – Университетнинг жойлашуви ва у ердаги муҳит мени ўзига жалб қилган. Яъни бу таълим даргоҳи жойлашган ҳудудда бизнес яхши ривожланган. Яна бир муҳим жиҳати бу ерда мусулмон талабалар учун шарт-шароитлар жуда яхши йўлга қўйилган. Масжид яқин, хоҳлаган талаба намоз ўқиши ва ҳалол овқатларни қийналмай топиб, танавул қилиши мумкин.

Бундан ташқари, бу университет Жанубий Кореяда туризмни ривожлантириш ва уни бошқариш соҳаси бўйича 3 талик тор-рейтингнинг биринчи пағонасида туради. Бизнес бўйича эса 10 талик тор-рейтингнинг юқори ўринларида туради.

Шунингдек, бу университет Жанубий Кореяда халқаро талабаларни энг кўп жалб эта олган олий таълим даргоҳи ҳисобланади. Бу университет дунёнинг турли давлатларидан кучли профессор-ўқитувчиларни ўзига жамлаган олийгоҳлардан бири саналади.

Яна мени ўзига жалб этган томони шундаки, бу ерда таълим бериш, талабаларга яратилган қулайликлар профессионал даражада олиб борилади. Шунинг учун университетнинг ишлаш тизими, халқаро талабаларга бўлган муносабати жуда ҳам яхши.

Сежонг университетида таҳсил олишни танлашимнинг яна бир сабаби бу университет орқали дунёнинг 100 дан ортиқ университетларидан бирига бориб, 6 ойдан 1 йилгача ўқиб, тажриба алмашиб келиш мумкинлигида.

Сежонг университети тарихи ва бугуни ҳақида гапириб берсангиз?

– Сежонг университети корейс тили учун фонетик алифбо тизими бўлган Ҳангулни яратган Чосунлар сулоласининг тўртинчи қироли Сежонг шарафига номланган.

Сежонг университети 1940 йил май ойида доктор Юнгҳа Чу ва доктор Окжа Чои томонидан Кюнг Сунг Гуманитар институт сифатида ташкил этилган. 1947 йилда институт Сеул хотин-қизлардан ўқитувчи тайёрловчи институтига айлантирилган. 1954 йилда мактаб, Соодо аёл ўқитувчилар коллежига айлантирилган. Фақатгина у 1961 йилга келиб тўрт йиллик институт сифатида ўз мақомини ўзгартирган. 1966 йилдан ушбу даргоҳда аспирантура мактаби ҳам ташкил этилган. Университетга ҳозирги ном 1979 йилда берилган ва биринчи марта эркак магистрантлар ўқишга қабул қилина бошланган.

 

Бугунги кунда, Сежонг Университети қошида Либерал санъат, Ижтимоий фанлар, Бизнес бошқаруви, Меҳмондўстлик ва туризмни бошқариш, Табиий фанлар, Ҳаётий фанлар, Электрон ва ахборот муҳандислиги, Муҳандислик, Санъат ва жисмоний тарбия каби 9 та факультет фаолият юритади. Бундан ташқари, умумий таълим факултети ва 7 та аспирантура мактаби ва 45 та талабалар тўгараги мавжуд.

Университетнинг 2001 йилда Кореянинг Фан ва маданият жамғармаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ўша йили инглиз тилида ўқитиладиган иккита янги дастур очилган. 2002 йил январь ойида университетнинг саноат билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун Кореянинг 30 йирик фирмасининг раҳбарларидан ташкил топган Университетни ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил қилинган бўлиб, 2002 йилда Таълимни ислоҳ қилиш масалалари бўйича комиссия университетни муваффақиятли қайта қуриш ва реконструкция қилиш учун Сежонг университетини расман мукофотлаган. 2004 йилда Таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазирлиги Сежонг университетини ўзига хослик, инновация ва илмий ютуқларни илгари суришда устунлиги учун тан олган. Мазкур университет 2007 йилда Бизнес мактаблари уюшмасининг расмий серификатини қўлга киритган.

Бундан ташқари мазкур университет 2002 йилда Фан ва технологиялар вазирлиги томонидан “Энг яхши  тадқиқот институти”, деб эълон қилинган.

Шунингдек, 2010 йилда Билимлар иқтисодиёт вазирлиги томонидан Сежонг университетини таълим соҳасидаги энг яхши университетлардан бири дея эътироф этилган.

2015 йилда Сежонг университети тиббий мактабга эга бўлмаган кичик ва ўрта университетлар орасида Жанубий Кореяда 4-ўринни, Осиё мамлакатлари орасида эса, 18-ўринни эгаллаган.

Яна бир муҳим жиҳати, университетнинг бутун Кореяга машҳур 23 та бинодан иборат кампуси мавжудлигида. Ушбу кампусга жамоат транспортида метро ва автобуслар орқали кириш мумкин. Эътиборга молик жиҳати шундаки, университетнинг қарама-қарши томонда Сеул болалар боғи жойлашган бўлиб, бу ерда одатда талабалар майсазор устига ўтириб, табиат қўйнида дарсга тайёрланишни яхши кўришади.

Талабалар шаҳарчасининг шарқий қисмида жойлашган Сежонг университети музейи университет асосчилари томонидан тўпланган асарлар ва антиқа буюмлар тўпламини намойиш этади. Улар илмий тадқиқотлар мақсадида университетга ҳадя қилинган. Музей тарихи 1959 йилдан бошланади. Тўпламга қироллик регали, сарой либослари, шахсий безаклар, маржон, корейс анъанавий сиёҳ расмлари, хаттотлик ва кулолчилик асарлари киради. Музей кенг жамоатчилик учун ҳар доим очиқ ва унга кириш бепул. Музей олдида “Асадал” номли кичик кўл бор.

Сежонг университети ўз талабаларига 90 турдаги, Сежонг стипендиясини тақдим этади. Талабалар турар жойларида 2800 ўринли кўп мақсадли томоша зали, асосий спорт майдончаси, спорт мажмуаси, теннис корти, тиббий клиника, ресторанлар, кафе, қаҳвахона, банк, почта идораси, китоб дўкони, иш юритиш дўкони ва сайёҳлик агентлиги мавжуд.

Университетда ҳар йили май ойининг тўртинчи ҳафтасида Дае Донг Же деб номланган (университетнинг туғилган куни) фестивал нишонланади. Бу фестивалда талабалар ижросидаги концерт ва бадиий томошалар, кинофестиваллар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилади.

Бу университетдан дунёга машҳур таниқли қўшиқчилар, актёр-актрисалар, футбол мураббийлари, бадиий гимнастлар, режиссёрлар, фаол сиёсатчилар, сценарист ва шоирлар етишиб чиққан.

Сежонг университети кутубхонаси 1947 йилда ташкил этилган бўлиб, 2000 йилда 12 қаватли бино сифатида қайта таъмирланган. Унда 840000 китоб, 1500 та обуна, 20000 электрон журнал ва 23000 электрон китоб мавжуд. Бундан ташқари, 3200 ўринли ўқув зали мавжуд.

Шунингдек, университетда Узлуксиз таълим маркази мавжуд бўлиб, бу ўқитувчилар томонидан берилган билимни тўлдиради. Очиқ ва умрбод ўрганиш имкониятларини таклиф этади. Сежонг Чет элда ўқиш учун глобал дастур, казино дилери курсига ихтисослаштирилган дастур, рақамли таркиб, ошхона ва озиқ-овқат хизмати бизнеси, меҳмонхона бизнеси, жисмоний тарбия, мусиқа (фортепиано) ва академик кредит банки тизимига асосланган бакалавр дастурини олиб боради.

Яна университетда Ахборот хизматлари ва технологиялари маркази бор. Бу марказ талабаларга, ўқитувчиларга ва ходимларига ахборот технологияларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли хизматларни тақдим этади. Қўллаб-қувватлаш ва хизматлар қаторига етакчи симли ва симсиз тармоқлар, серверлар ва бошқалар каби IT инфратузилмасидан фойдаланиш, хизмат кўрсатиш, маъмурий ва академик тизимлар ва уларнинг маълумотларини ҳимоя қилиш, шунингдек, университетнинг ахборот технологияларининг ягона тизимини ишлаб чиқиш бўйича фаолият олиб боради.

Сежонг халқаро тиллар институти 3 та тилда: корейс, инглиз ва хитой тилларида дастурларни тақдим этади.

Бугунги кунда университет ўзининг тил курсидан бошлаб, то докторантурагача ўқувчиларни қабул қила олади. Бакалавр, магистратура ҳамма соҳани ўз ичига олган катта олий даргоҳ. Бугунги кунда университетнинг замонавий ҳар томонлама қулай ётоқхонаси мавжуд. Унда Wi-Fi, спорт машғулотлари учун заллар, катта кутубхона, тажриба ўтказиш лабораториялари ҳам бор. Ушбу университет аввал хорижликлар учун фақат бакалавриат босқичида IT, бизнес, меҳмонхона бошқаруви бўйича ўз таълим хизматларини таклиф этган бўлса, эндиликда халқаро журналистика ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича ҳам таълим олиш имконини яратди.

Ушбу университет билан Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик мавжуд. Мазкур университетлараро “талаблар алмашинуви” ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик талабалар ҳам эндиликда 1-2 семестр яъни 6 ойдан, 1 йилгача Сежонг университетида таълим олиб, ўз малакасини ошириб қайтиши мумкин. Бугунга келиб мазкур университет таълим соҳасида кўплаб хорижлик профессорларни жалб қилган. Дарслар эркин тарзда ташкил этилади. Яъни корейс тилида ўқийдиган маҳаллий аҳоли ҳам инглиз тилидаги дарсларга кириб таълим олишга ҳаракат қилишади.

Сиз Кореяга бориб кашф этган ҳақиқатлар борми?

– Аввало, мусофир сифатида Кореяга борганимда юрт соғинчи ва ўзга миллатдаги янги урф-одатларга мослашиш бироз қийин кечди. Жанубий Кореяда ўтган давримга назар ташлайдиган бўлсам, ўзим учун жудаям кўп нарсаларни кашф қилганман. Мисол учун, у ерда вақт жуда ҳам қадрланади. Кунлик регламент жуда тиғиз, шунинг учун шаҳар аҳолиси доим нимадир билан банд.

Мени ажаблантирган жиҳатлардан бири, у ернинг аҳолиси ортиқча вазнга эга эмаслиги бўлди. Маҳаллий аҳоли соғлом ҳаёт-тарзига қатъий амал қилади. Ўзларини ихтиёрлари билан мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб туришади.

Яна мени ҳайратга солган бир жиҳат, Жанубий Кореяда ўқитувчилик касби жуда қадрланади. Шу боис мамлакатда ўқитувчиларга жуда яхши маош тўланади. Аҳолининг аксарият қисми шу касб эгаси бўлишни орзу қилади. Ўқитувчиларга доимо ҳурмат-эътибор кўрсатилади. Жумладан, бизда кўчада нотанишлар билан мулоқотда амаки, хола дея мурожаат қиламиз тўғрими?! Уларда эса нотаниш кишига ҳармат юзасидан “устоз”, деб мурожаат этишади.

Яна ўзим учун кашф қилган жиҳатларимдан бири, уларда интернет жуда тез ишлайди. Шунинг учун бўлса керак, Жанубий Корея аҳолисининг 92 фоизи интернетдан турли мақсадларда фойдаланишар экан.

Корея халқи маданиятининг сизга манзур бўлган ва бўлмаган томонлари ҳақида гапириб берсангиз?

– Аввало, Жанубий Корея ҳудуд жиҳатдан кичкина, лекин аҳолиси кўп мамлакат ҳисобланади. Шундан бўлса керак, аллақачон мамлакат Smart Life тизимига ўтган Деярли барча соҳа энг олди замонавий технологиялардан фойдаланади. Рақамли ҳаётга мослашувчанлиги ва доимий янгиликларга биринчилардан бўлиб “лаббай деб” чиқадиган одати борлиги мени қойил қолдирган.

Корея халқи маданиятининг яна бир муҳим эътиборли жиҳати шундаки, уларда “ижтимоий одоб” жуда зўр шаклланган. Жумладан, жамоат жойларида навбат кутиш – у амалдорми ёки машҳур шахсми фарқи йўқ. Ижтимоий одобга қатъий риоя қилишади.

Бизни халқ билан корейс халқи маданиятидаги бир ўхшашликлик мени жуда қувонтирди, яъни кексаларга бўлган ҳурмат-эътиборнинг юқори эканлиги.

Яна корейс халқи маданиятидаги менга ёққан томони кореяликлар табиий ландшафтини ўзгармаган ҳолатда сақлаб қолиш учун юқори даражада ҳаракат қилишар экан. Дейлик қурилиш ёки бошқа бир жараёнларда йўлидан дарахт чиқиб қолса уни кесиб ташлашмас экан яъни имкони борича дарахтни сақлаб қолишга ҳаракат қилишар экан. Уларни шундай табиатга бўлган дўстона муносабати мени беҳад тўлқинлантирди.

Шаҳарлари қанчалик кенг ва замонавий бўлмасин доимо тоза ва озода. Корея аҳолиси кўчада ўзидан бошқа одам бўлмаса ҳам қўлидаги чиқинди, дейлик чипснинг елим қутиси бўладими, ёки консерванинг идишими уни албатта эринмай чиқинди идишига элтиб ташлашади. Шундай ҳолатлар ҳам бўлган хорижлик сайёҳлар билиб-билмай чиқиндини пиёдалар йўлкасига ташлаган пайти корейслар уни огоҳлантиришган. Ёки унинг чиқиндисини ўзлари олиб бориб чиқинди идишларига ташлашаган.

Эътиборимни тортган яна бир жиҳат, уларда чекиш учун алоҳида зоналар мавжуд. Яъни чекувчилар учун кичкина-кичкина алоҳида хоналари бор. Уларга фақатгина ўша жойда чекишга рухсат этилади. Яъни чекувчилар атрофдагилар соғлигига зарар келтиришмайди. Нафақат биноларнинг ичларида, ҳаттоки кўчаларда ҳам дуч келган жойда чекиш тақиқланади.

Менга ёқмаган томони ҳақида гапирадиган бўлсам, корейс халқи спиртли ичимликларга жуда ҳам ружу қўйган. Балки бунга қадимдан уларда спиртли ичимликларнинг истеъмоли одат бўлганлиги сабабдир. Яна ким билсин.

– Ўзбекистондаги университетлар ва Жанубий Корея университетларининг фарқли жиҳатлари нимада? Сизнингча, Ўзбекистондаги ўрта таълим ва олий таълим тизими қандай ислоҳотларга муҳтож?

– Жанубий Корея университетларида давомат тизими рақамлаштирилган. У ерда махсус дастурлар, мобиль иловалар ўқувчини автоматик дарсга кирган-кирмаганлигини қайд этади. Яъни, у ерда ўқитувчи талабаларни давоматини олишга вақт сарфламайди. Деярли ҳамма университетлари шу технологиялардан фойдаланади. Ўқувчи дарсга кирганда мобиль иловага ўрнатилган дастурдаги шахсий идентификацион рақамни университетнинг bluetooth программаси аниқлаб, уни қайд этади.

Жанубий Корея университетларининг яна битта фарқли жиҳати шундаки, уларда баҳолаш тизими Student Assessment System (Талабаларни баҳолаш тизими) асосида юритилади.

Бизда талабалар баҳоларга қараб стипендия олишади-ку, у тизимда талаба чегирмага эга бўлади.

Мисол учун: ижобий баҳонинг беш тури мавжуд:

– a.a) (А) аъло – 91-100 балл;

– a.b) (B) Жуда яхши – максимал баллдан 81-90 балл;

– a.s) (S) Яхши – максимал баллдан 71-80 балл;

– a.d) (D) қониқарли – максимал баллдан 61-70 балл;

– a.e) (Е) етарли – максимал кўрсаткичдан 51-60 балл.

– b.а) (FХ) ўта олмади – максимал баллдан 41-50 балл, бу талабага кўпроқ ишлаш талаб этилади ва мустақил иш билан боғлиқ бўлган яна битта уриниш берилади;

b.b) (F) Муваффақиятсиз – 40 балл ва максимал баллдан кам, бу талабанинг ишлаши етарли эмаслигини ва предметни бошидан ўрганиши кераклигини англатади. Оралиқ баҳолаш ва якуний имтиҳоннинг энг кам балидан ошиб, 51 балл тўплаган талаба якуний имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга. Таълим дастурининг таркибий қисмига FХ олган тақдирда, олий ўқув юрти қўшимча имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан камида 5 кун ўтгандан кейин тайинлайди. Талаба якуний баҳолашда олган баллари қўшимча имтиҳонларга қўшилмайди. Қўшимча имтиҳонни баҳолаш якуний ҳисобланади ва таълим дастурининг таркибий қисмини якуний баҳолашда акс этади. Қўшимча имтиҳон натижаларига кўра, талабанинг ўқув таркибини якуний баҳолашида 0-50 балл тўплаган тақдирда, F -0 балл ҳисобланади ва талаба йиқилади.

Лекин битта фандан йиқилди дегани курсдан йиқилди дегани эмас. Шунчаки, ўша фандан талабанинг ўқиганлиги тан олинмайди. Қачонки, талаба ўқиш давомида шу фанни ўқиса кейин кредит берилади.

Шу ўринда кредитга ўқиш тизими ҳақида тўхталиб ўтсам. Яъни бу ерда ўқувчиларга ҳар бир ўқиган фанлари учун кредит берилади. Яъни ўқувчилар кредит тўплаб ўқишади. Худди бу баҳога ўхшайди. Мисол талаба қанча кўп кредит тўпласа, университетни шунча тез битириб чиқади.

Мисол учун мен ўқийдиган университетда талабалар ўртача ҳар семестрда 18 тадан кредит тўплаши керак. Бизнинг университетда талаба 8 семестр 6 та фан ўқиса, бемалол битириб чиқиб кетади. 7 тадан фан ўқиса, 3-3,5 йилда диплом олиши мумкин. Яна эркин графикда ўқиш деган нарса ҳам бор.

Ўзбекистон таълими билан Жанубий Корея таълими солиштирилганда уларда ўқувчига мажбурий ўқув муддати белгиланмайди. Талаба ўқиб туриб, ишлаши ва тажриба орттириши мумкин. Чет давлатдан борган талаба ўзига мослаб график қилиб олиши ҳам мумкин. Фанларни ўзи ихтиёрий равишда танлаши ва дарслар вақтини ҳам мос равишда график қилиб тузиб олиши мумкин. Баъзи талабалар ўқиш билан биргаликда ишлаб Ўзбекистонга ўз оиласига пул ҳам юбориб туришади. Бу энди талабанинг ўз потенциалига боғлиқ.

Бу тизим Ўзбекистонда ҳам жорий этилса ёмон бўлмасди. Яъни ўқувчи хоҳласа ҳафтанинг бошида, хоҳласа ҳафтанинг охирида ўқисин. Яъни талаба 4 йил ўқиб давомати учун баҳо олиб чиқиб кетмасин. Балки, аксинча, олган билими тарозига ташлансин.

Яна бир таклиф хорижий университетлар билан кенг қамровли талабалар алмашинуви жорий этиш ҳам яхши самара беради. Яъни Ўзбекистонда рус фаъкултетлар бор лекин кенг қамровли еврофакультетлар йўқ. Хусусий ва давлат университетларимизга чет эллик профессорларни жалб этиш лозим. Чет эллик профессорлар ўз тилида дарс берса, бошқа хорижлик талабалар ҳам Ўзбекистонга келиб билим олишни бошлайди. Бизда ҳам ўрганса бўладиган жуда ҳам кўплаб жиҳатлар бор. Мисол учун, қадимий тарихимиз, тилимиз ва маданиятимиз шулар жумласидан.

 Жанубий Корея университетларига ўқишга кириш учун қандай талабларни бажариш лозим?

– Биринчи навбатда IELTSдан яхши баҳо олган бўлиши лозим. Ундан кейин ҳар бир университетнинг ички талаблари бўлади. Мисол учун, баъзи университетлар онлайн интервьюлар уюштиради. Баъзилари эса ўзлари ҳақида ёки нимага айнан Жанубий Кореяни танлаганликлари ҳақида эсселар ёзишни топшириқ қилиб беради. Демак берилган қўшимча ички талаблардан келиб чиққан ҳолда берилган вазифаларга қараб туриб университетнинг махсус комиссиялари саралаб олади. Яъни топширмоқчи бўлаётган университети соҳаси ва университетига боғлиқ бўлади. Бу ерда хусусий университетлар сони кўплиги ҳисобига тилдан ташқари ички талаблари ҳам фарқ қилиши мумкин. Жумладан, IT соҳаси бўйича ўқимоқчи бўлган талаба ҳеч бўлмаганда IT соҳасида бошланғич маълумотга эга бўлиши лозим.

– Ўзбекистон Жанубий Кореянинг туризм саноатидан ўзига қайси жиҳатларини ўзлаштириши маъқул?

– Очиғи, айнан шу фикрни жуда кўп ўйлайман. Айниқса туризм соҳасида билим олаётганим учун ўзимча таҳлил қилиб хулосалар чиқараман.

Дейлик, Жанубий Корея ўзининг туризм соҳасидаги фаолиятини янада ошириш учун мультимедиа, кино-сериал саноатидан жуда усталик билан фойдаланади. Эътибор берганмисиз, сериал ёки киноларидаги ҳамма нарса деярли маҳаллий маҳсулот. Автомобилидан тортиб, кийим-кечагигача. Сабаби нимада? Бунинг ортида катта бир ғоя бор. Ўзининг тарихий, замонавий сериал ва бадиий фильмлари орқали ўз тарихини бошқа миллатларга сингдирмоқда. Бундан ташқари, шу сериаллари орқали миллий маҳсулотини жаҳонга реклама қилиб, экспорт қилаяпти. Ва яна энг муҳим жиҳати бу сериаллари орқали миллий таомлари, табиати, тарихий қадамжолари ва замонавий мегаполисларига туристларни жалб қилмоқда.

Кореянинг тарихий сериаллари Ўзбекистонда ҳам жуда машҳур. Ҳаттоки, ўзим гувоҳи бўлдим баъзи кишилар шу фильм ва сериаллари сабаб Жанубий Кореяга бир-бор боришни орзу қилишар экан. Назаримда, Ўзбекистон ҳам Жанубий Кореянинг мана шу тажрибасидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

Ўқиш жараёнидаги тадқиқотларимизда Корея ўзини туризм салоҳиятини нафақат мультимедиа балки рақамли ахборот манбаларидан ҳам кенг фойдаланган ҳолда намойиш эта олишини кузатдик. Улар энг тренддаги ижтимоий тармоқларида ўзларининг рекламаларини беришади. Ташқи туризмни оширишда ўзларининг миллий маҳсулотлари – косметика, таомлар, миллий либосларини шунчаки совға сифатида тақдим қилишади. Бу орқали, меҳмондўстлиги ва корейс туризмни ажойиб тарзда реклама қилишади. Ва бунинг учун давлат ва хусусий туризм соҳаси вакиллари томонидан катта маблағ ҳам сарфланади.

Энди ички турзми ҳақида гапирадиган бўлсак, улар ички турзмни ошириш мақсадида иш кунларини, иш соатларини қисқартиришган. Яъни кўпироқ одамлар дам олсин, ва кўпроқ вақтини табиат қўйнида, мамлакат ичи бўйлаб турли сайёҳатларни амалга оширсин деган мақсадда ташкил қилишган.

Ўқувчилари ички туризм орқали ўз тарихни ўрганишади. Тарихий дарсларнинг аксари аудиторияда эмас, дарс мавзусига қараб қадамжоларга уюштирилган экспедицияларда ўзлаштирилади. Ва бу билан аллақачон корейс болалари қалбида миллий ғурур ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлашга эришишган.

Бизда ҳам бу ҳолат қисман мавжуд. Лекин бизда музейлар билан чекланиб қолмасдан тарихий обидаларни бориб ўрганиш орқали ички туризмни ҳам ошириш мумкин. Ёшлигидан шу қадимий обидалар, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларни бориб кўриб ўрганган ўқувчилар, улғайгач ҳам бу одатини канда қилишмайди. Яъни шунақа қилиб ёш авлодни тарбия қилишади.

Кейин уларда яна сайёҳлик турларини аниқлаш деган нарса бор. Яъни Жанубий Кореяга борадиган турстлар оқими мунтазам таҳлил этилади. Сайёҳлардан кимдир шифо излаб, кимдир тарихий обидалар зиёрати учун, кимдир кино-сериал олинган жойларни кўриш учун, яна кимдир технологияси туфайли, яна кимдир ўқиш учун яна кимлардир ишлаш учун боргани маълум бўлади.

Факторлар таҳлил этилиб, жалб қилинмай қолган соҳалар туризми рекламаси оширилади. Яъни мамлакатга қандай туристлар кераклигини аниқлаб олишиб, шунга қараб рекламани ҳам тайёрлашади.

Сеул қиммат шаҳар бўлгани билан танлаш имконияти жуда ҳам кенг. Сайёҳлар учун арзон нархлардаги меҳмонхоналар, мотеллар, меҳмон уйларидан тортиб, қимматбаҳо веллаларгача мавжуд. Энг яхши томони турли дин вакллари учун ҳам шароитлар муҳайё. Мисол учун Кореяда мусулмонлар учун ҳалол овқатлар, масжидлар, таҳоратхоналар барпо этилган. Яъни ирқи, миллати ва динидан қатъий назар сайёҳларга барча шароитлар яратилган.

Myhomework.uz онлайн мактаби фаолиятини бошлашингизга нима турки бўлган?

Бунга сабаблар кўп. Хорижда ўқиш билан бир пайтда Ўзбекистонга қандайдир фойдам тега олиши кераклиги ҳақида кўп ўйлаганман. Йўлларини қидирдим. Тушундимки, кундан кунга Ўзбекистонда турли соҳалар бўйича чет тилларини биладиган мутахассисларга талаб ошиб бормоқда. Таълим олиш истагида бўлган, лекин айни пайтда иш, рўзғор ва бошқа ҳаётий эҳтиёжлар билан банд бўлиб, ўқув марказига бора олмаётган фуқаролар учун онлайн ўқиш жуда зарур экан. Шу тариқа ғоя туғилди. Америка, Россия, Корея ва бошқа давлатлардаги онлайн таълим муассасалари фаолиятини ўргана бошладим. Ўзимча таҳлил ва хулосалар қилдим. COVID19 пандемиясигача Ўзбекистондаги онлайн бозорини яхшироқ ўрганиш мақсадида тор доирада ушбу таълимни синовдан ўтказа бошладик. Очиғи биз бу таълим тизимини старт беришни анча кейинроққа мўлжаллаган эдик. Аммо бутун дунё бўйлаб пандимиянинг тарқалиши ва мамлакатимизда онлайн таълимга эҳтиёж кучайиши ишимизни бироз тезлаштириб юборди.

Ушбу онлайн мактабини шакллантириш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, таълим сифати бўйича кўп хорижий мамлакатлар биздан анча олдинда, лекин яратиб берилаётган имкониятлар деярли бир хил. Ҳаттоки бизда яратилган имкониятлар улардан анча устунлик қилади. Жаҳоннинг нуфузли топ рейтингидаги барча университетларнинг онлайн тизими мавжуд. Агар сиз магистратурада ўқимоқчи бўлсангиз ва яшаб турган жойингизни маълум сабабларга кўра тарк эта олмасангиз, сиз масофадан туриб бемалол ўқиш имкониятига эгасиз ва ўқишни тугатгач,  олган дипломингиз офлайн ўқиган талабаники сингари кучга эга. Шу нарсани босқичма-босқич Ўзбекистонга ҳам олиб кириш тарафдориман.

Абдулла Чимирзаев суҳбатлашди.