Жанубий Кореяда 4 кундан бери давом этаётган муссон ёмғирлар оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 14 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда мамлакатнинг табиий офатлар ва фалокатларга қарши курашиш бўйича марказий штаби маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар орасида Сеулдан бир киши, Кёнгидо провинциясидан 7 киши ва Чхунчхон-Пукто провинциясидан 4 киши бор.

Табиий офат оқибатида 600 дан кўпроқ уйга шикаст етган, 5 минг гектардан кўпроқ қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган. Фалокат ҳудудидан мингдан кўпроқ одам эвакуация қилинган.

2 августдан мамлакатда фавқулодда вазиятларга жавоб беришнинг энг юқори даражаси амал қилмоқда. Пойтахт Сеулда шосселар бўйлаб ва Ханган дарёси устидан ўтувчи кўприк орқали ҳаракатланиш тўсиб қўйилган.

Жанубий Корея бош вазири Чон Се Гюн мамлакат аҳолисини иложи борича кўчага чиқмасликка чақирган. У, шунингдек, коммунал ва шошилинч хизматларга доимий шайлик ҳолатида туришни буюрган. Фавқулодда вазият туфайли мамлакат президенти Мун Чжэ Ин ўз таътилини тўхтатган.

Об-ҳаво мутахассислари вазият янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда: Корея яриморолига жануби-ғарбий томондан кучли тўфон яқинлашмоқда, шу сабабли яқин кунлар ичида кучли ёмғирлар тўхтамайди.

манба