Жанубий Корея президенти девони раҳбари ва яна беш нафар маслаҳатчиси ёппасига истеъфо беришди. Бу ҳақда мамлакатнинг «Ренхап» агентлиги маълум қилди.

Хусусан, давлат ва фуқаролик сиёсати, жамоатчилик билан алоқалар, кадрлар сиёсати, шунингдек, фуқаролик жамияти бўйича маслаҳатчилар иш фаолиятларини тўхтатишлари ҳақида хабар берилган.

Истеъфолар юқори мансабли давлат амалдорлари «яқинда бўлган воқеалар» бўйича масъулиятни тўлиқ ўз зиммаларига олишлари белгисидир, дейилади президент девони агентликка берган маълумотда.

«Яқинда бўлган воқеалар» деганда кўчмас мулк соҳасидаги сиёсатнинг танқид остига олиниши тахмин қилиняпти, бироқ президент девони бу талқинга муносабат билдирмади, деб ёзади «Ренхап».

Маслаҳатчиларнинг истеъфосини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик борасида сўнгги сўзни мамлакат президенти Мун Чжэ Ин айтади.

манба