Фармацевтика бизнесини кенгайтиришни режалаштираётган Жанубий Кореянинг Samsung компанияси дунёдаги энг йирик иншоотга айланиши керак бўлган дори-дармон ишлаб чиқарадиган завод қурилишига тахминан 2 миллиард доллар сармоя киритмоқда.

«Жараён эса 2022 йилда якунланиши керак», деб ёзмоқда “The Wall Street Journal”.

Таъкидланишича, компания коронавирус пандемияси билан боғлиқ соҳадаги ўзгаришлар туфайли биологик маҳсулотлар бозорининг доимий ўсишига суянмоқда.

Маълумотларга кўра, “Super Plant” деб номланган завод компаниянинг биофармацевтика бўлими ҳисобланган Samsung BioLogics Co.нинг тўртинчи объектидир. Майдони тахминан 230 минг квадрат метрни ташкил қилиши кутилаётган завод компаниянинг учдан ортиқ бирлаштирилган корхоналарига тенг бўлиб, Париждаги Лувр музейи ҳажмидан ҳам ошади.

«Cоvid-19 бизни инқироздан кўра кўпроқ имкониятлар билан таъминлайди», дея таъкидлаётган, 2011 йилдан бери Samsung BioLogics Co.ни бошқариб келаётган ва хабарларга кўра, завод қуриш ғоясини илгари сурган Ким Тхе Ханнинг айтишича, дастлаб янги завод анча кичик бўлиши режалаштирилган, аммо коронавирус пандемияси янги тоифадаги маҳсулотлар – Cоvid-19ни даволаш учун зарур бўлган дориларни яратилишига туртки берган, бу эса ўз навбатида, дори ишлаб чиқарувчилар ва миллий ҳукуматларни янги ишлаб чиқариш манбаларини излашга ундаган.