60 йилдан сўнг эришилган натижа

1960 йилларнинг бошида Парк Чунг Хининг ҳокимиятга келиши сабабли бошланиб кетган иқтисодиётни саноатлаштириш, шунингдек, “Samsung” ва “LG” каби қудратли корпорацияларнинг фаолияти сабабли бу соҳада тараққиёт юз берди.

Ислоҳотларни бошлаб берган Парк Чунг Хи

Иқтисодиёт саноатлаштирилганидан сўнг мамлакат ўз эътиборини технологияга асосланган корпорацияларга қаратди ва ҳукумат инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлади. Бу ўз самарасини бермасдан қолмади: “Samsung” ва “LG” корпорациялари 2012 йилнинг биринчи чорагида уяли алоқа воситалари ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Ҳозирги кунда мамлакат интернет тезлиги бўйича Сингапурдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди (2020 йилда ўртача 156 mps).

Икки гигант компания – LG ва SAMSUNG

Келажакка тикилган сармоя

Паркнинг давомчилари ҳам илм-фан ва инновацияларни миллий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида тарғиб қилишни давом эттирдилар. Давлат ва саноат корхоналарининг илмий-тадқиқот ишларига инвестиция киритиш ҳажми ошди ва илмий тадқиқот қилиш имкониятлари кенгайтирилди. 1971 йилда кейинчалик етакчи миллий тадқиқот университетига айланган «KAIST»га асос cолинди. 1980 йилларнинг ўрталари ва 1990 йилларнинг бошларида ҳукумат ўз эътиборини юқори технологияли соҳаларга йўналтирди.

KAIST университети

Мақсадли давлат дастурлари ҳам қабул қилинди. 1995 йилда ҳукумат кенг қамровли миллий инфратузилмани яратиш ва ундан максимал даражада фойдаланишга оид давлат дастури учун 1,5 миллиард АҚШ доллари ажратди. 1997 йилги Осиё молиявий инқирози ҳам йирик корпорацияларни довдиратиб қўймади ва улар технологияга асосланган иқтисодиёт, мобил телефонлар ва мобил иловалар сингари билимлар талаб қиладиган маҳсулот ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ўтишдан чўчишмади.

Ҳукумат гигант корпорациялар билан ҳамкорликда Геонгги каби минтақавий инновацион марказларни ривожлантира бошлади, бу эса ҳозирги кунда мамлакатнинг иқтисодий ва инновацион кучи сифатида қабул қилинмоқда. Марказ маҳаллий университетлар ва илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда саноатдаги илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини олиб келди. 2010 йилга келиб Жанубий Кореяда 105 та минтақавий инновацион марказ, 18 та технопарк, шунингдек, ишлаб чиқариш ва саноатга илм-фанни кенг жорий этиш бўйича 7 та федерал дастур мавжуд эди.

Cеул шаҳри

Гигант корпорациялар

Корея урушидан кейинги Жанубий Кореянинг иқтисодий муваффақияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлагани билан белгиланади. Айнан шу сабаблигина “Hyundai”, “Samsung” каби дунёга машхур компаниялар оёққа туриб олишган, бу эса мамлакатнинг кейинги иқтисодий тараққиёти учун тамал тоши бўлиб хизмат қилган. Ушбу йирик компаниялар нафақат ресурсларни бирлаштиришга имкон берди, балки юқори сифатли ва замонавий маҳсулотлар яратишни мақсад қилган корейс ишлаб чиқаришини янги босқичига олиб чиқди.

Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган Hyundai Prophecy автомобили

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, бу компанияларнинг бу даражада ривожланиб кетишига асосий омил илмий тадқиқотларга катта маблағ ажратганлиги бўлган. Корея ҳукумати эса мамлакатда жаҳон даражасидаги инфратузилма ҳамда юқори сифатли таълим тизимини яратиш орқали бунга кўмаклашди. Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграциянинг юзага келиши Кореянинг кўп соҳалар бўйича илгарилаб кетишига асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Корейс мактабидаги дарс жараёни

Хулоса: давлат бош ислохотчими?

Кореянинг ҳозирги ҳолатга келишига 60 йил олдин қабул қилинган қарорлар ва ўша пайтдаги раҳбариятнинг сиёсий иродаси сабаб бўлган. Шунингдек, ҳукумат юқорида номи зикр этилган гигант компанияларнинг олдига бир қанча мажбуриятларни юклаган ҳолда имтиёзлар тақдим этган. Ўз навбатида, бу корпорациялар ҳам “саломга яраша алик олиб”, оёққа туриб олганидан сўнг, илмий тадқиқотларни, технологияларни қўллаб қувватлай бошлаган. Хусусий сектор дастлаб давлат томонидан тўла қўллаб қувватланган илм-фан ва технология соҳасини қўллаб қувватлай бошлагач, давлатнинг юки бироз енгиллашган.

Aйни пайтда SAMSUNG компаниясининг бозор қиймати $278.7 миллиард долларни ташкил қилади

Энг муҳими, давлат таълим тизимига катта эътибор қаратиб, таълим, ишлаб чиқариш ва илм фан ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаган. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Кореянинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишига илм-фан ва технология соҳасига катта эътибор берилиши ва давлатнинг бу соҳани такомиллаштириш бўйича амалга оширган ишлари (қабул қилган қарорлари эмас, амалга оширилмаган қарорлар қоғоздан ўзга нарса эмас!) сабаб бўлган.

Интернет маълумотлари асосида Аҳрор Шарипов тайёрлади.