Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси кўмагида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Мухсинхўжа Абдураҳмонов билан Жанубий Кореянинг «Daedong Industrial Co., Ltd.» компанияси президенти ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, солиқ ва божхона хизматлари ҳамда вилоят адлия бошқармаси масъул раҳбарлари иштирок этди.

Музокаралар чоғида Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг ички бозори, уни кенгайиш истиқболлари, шунингдек, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик имкониятларини аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан олинган маълумотларга асосланиб, лойиҳани амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни босқичма-босқич тайёрлаш бошланди, масалан, техник-иқтисодий асос, инвестиция шартномаси, шунингдек, қўшма корхона яратиш шартлари келишиб олинди.

Ли Сонг Те «Daedong Industrial Co., Ltd.» компанияси қишлоқ хўжалигида фойдаланишнинг асосий йўналишларини аниқлаш учун Фарғона вилоятига электр культиваторларнинг бир нечта намуналарини юборишга тайёрлигини билдирди. Ушбу ўрганишлар натижасида томонлар маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар рўйхатини аниқлаш имконига эга бўлади.

Корея томони ускуналарни Ўзбекистонга етказиб бериш муддати тўғрисида келишувга тайёрлигини билдирди.

Муҳокамалар сўнгида маълумот алмашишни давом эттириш ва жорий йилнинг октябрь ойида навбатдаги онлайн музокараларни ташкил этишга келишиб олди.