Анжуманда истеъмолчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, аризаларни кўриб чиқишда видеоконференция ва бошқа турдаги замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари юзасидан маърузалар тингланди.

Жанубий Корея истеъмолчилар агентлиги Бош котиби Ли Хюк мазкур онлайн-форум иштирокчилар учун кўп жиҳатдан фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Анжуман ташкилотчилари фаолияти тўғрисидаги тақдимотда электрон хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Европа истеъмолчилар марказлари тармоғи томонидан тайёрланган тақдимот намойиш этилди. Таъкидланганидек, марказ веб саҳифаларида шикоятлар электрон тарзда қабул қилинади. Бундан ташқари махсус тайёрланган босма тарқатма материаллар ёрдамида истеъмолчиларга қўшимча маълумотлар бериб борилади.

1993 йил Франция ва Германия ҳамкорлигида ташкил этилган тузилма истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича кўҳна қитъада ўз ўрнига эга бўлган марказлардан биридир. Шу маънода Европадаги энг йирик, ривожланган давлатларда соҳани ривожлантириш йўлида фаолият олиб бораётган ташкилот тажрибасини ўрганиш бошқа мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқи йўналишида иш олиб бораётган уюшмалар учун айни муддаодир.

Онлайн-семинар маърузачиси, Буюк Британия Сертификатланган савдо стандартлари институти эксперти Элизабет Скиаллиснинг чиқиши ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Машғулотлар давомида мижозларга ўз ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш борасида йўл-йўриқ берилди. Маълум бўлишича, институт болалар ўйинчоқлари, тиғли ёки ўткир ўйинчоқлар каби маҳсулотларни махсус тестдан ўтказиш ваколатига эга. Бу истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотига болалар учун зарарли ўйинчоқлар ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилишга имкон беради.

Семинарда АҚШ Иш амалиётини яхшилаш бўйича бюролар кенгаши мутахассислари томонидан ҳам тақдимотлар ўтказилди.

манба