Корея Республикаси пойтахтида Ўзбекистон элчиси Виталий Фенга «Дўстлик элчиси – 2020» мукофотини тантанали топшириш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари ушбу мукофотга Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва самарали фаолияти учун муносиб топилди.

Тақдирлаш маросимида Жанубий Корея дўстлик ва маданият элчилари уюшмаси президенти, нуфузли «NDNnews» журнали раиси ва ношири Шин Хюн Ду самарали дипломатик фаолияти учун Виталий Фенга ҳурмат бажо келтирди.

– Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқларининг дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни ошишига қўшаётган катта ҳиссангизни қадрлаймиз, – деди Шин Хюн Ду. – Фурсатдан фойдаланиб, Сизга давлатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги фидойи меҳнатингиз учун яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2018 йил август ойида Виталий Фен дипломатик хизматдаги самарали фаолияти ва улкан хизматлари учун “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган эди.