Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин қўшни давлатнинг мулозими ўлдирилгани учун узр сўради. У Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Инга юз берган ҳодисадан таассуфда эканлигини билдирган, дея хабар бермоқда Би-би-си.

Куни кеча Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатиб, Балиқчилик департаменти ходими Шимолий Корея ҳарбийлари томонидан ўлдирилганини маълум қилди. Вазирлик версиясига кўра, мулозимга аввалига 10 марта ўқ узишган, кейин эса танасини ёқиб юборишган.  

Балиқчилик департаменти вакили Шимолий Корея чегарасидан 10 километр узоқликда патрул қайиғида юрган пайтда йўқолиб қолган. Жанубий Корея разведкачилари уни эртаси куни қутқарув нимчаси кийган ҳолда топишган. Сеулдагиларнинг фикрига кўра, аввалига ходимга газниқоб тақишган ва уни сўроқ қилишган. Кейин уни ўлдириш ҳақида буйруқ келган.

манба