Жанубий Корея пойтахти Сеул расмийлари шаҳардаги автобус бекатлари дизайнини корейсларга хос анъанавий уй – Ханок шаклида қайтадан қуришга қарор қилди

Кorea Нerald‘нинг ёзишича, «Корея чиройи» деб ном олган «ақлли» автобус бекатлари дизайни миллий ханокнинг махсус шаклини ўзида акс эттиради. Сеул ҳукуматига кўра, мазкур дизайнерлик ечими умумий овоз бериш йўли билан танлаб олинган.

Замонавий бекатлар синов тариқасида келаси ойдан бошлаб аввалига пойтахтнинг тахминан 10та ҳудудида, жумладан, Суннемун дарвозаси ҳамда Ҳонгик университети метро бекатида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Келгуси йилда эса шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам ушбу ҳайтек бекатларни кўпайтириш мақсад қилинган.

Ҳам очиқ, ҳам ойна билан тўсилган қисмларга эга бекатларда йўловчилар бепул Wi-Fi, мобил қурилмаларни қувватлаш қурилмалари ва ҳаво тозалаш воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Шаҳарда дарахтларни кўпайтириш учун йўллар ўртасига – қарама-қарши ҳаракатланиш бўлакларини ажратиб турувчи қисмга дарахтлар экилиши, атроф кўкаламзорлаштирилиши мўлжалланган.

Шунингдек, замонавий смарт-бекатлар йўловчилар хавфсизлигини ҳам юқори даражада кафолатлайди: автобуслар «Internet of Things» (IoT) технологияси ёрдамида аниқ белгиланган жойда тўхташи таъминланади.

манба