Ўзбекистондан Жанубий Кореяга бораётган фуқаролардан коронавирус йўқлиги тўғрисидаги сохта маълумотномалар аниқланмоқда. Бундан ташқари, уларнинг айримларида COVID-19 қайд этилмоқда. Шу сабабли Жанубий Корея элчихонаси тест натижалари устидан консуллик назорати тизимини жорий этди.

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 24 сентябрдан коронавирусга ПЗР-тест маълумотномаларини тасдиқлаш учун консуллик текшируви тизимини жорий этиб, лабораториялар рўйхатини янгилади, дея хабар берди элчихона матбуот хизмати.

Ўзбекистондан Корея Республикасига боришни режалаштираётган фуқаролар (жумладан, транзит йўловчилар) қўниши билан ПЗР услубида ўтказилган ва элчихона клиникасидан тасдиқланган COVID-19 тести манфий бўлган маълумотномани (тест парвоздан 48 соатгача вақт ичида ўтказилган бўлиши керак) тақдим этишлари лозим.

Айни вақтда Тошкентдан парвоз қилаётган чартер рейсларга фақатгина Корея Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон фуқаролари) қабул қилинмоқда. Бироқ амалдаги визаларга эга бўлган кўплаб ўзбек фуқаролари учинчи давлатлар орқали Корея Республикасига кириб келмоқда, дейилади хабарда.

Элчихона маълумотларига кўра, Корея Республикасига учинчи давлатлар орқали кириб келаётган ўзбекистонликлар қўлида ПЗР-тест натижаси манфий бўлган маълумотнома бўлишига қарамасдан, улардан олинган намуналар бўйича COVID-19 тести натижалари ижобий чиқмоқда. Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Ўзбекистондан учиб келган 421 нафар чет эл фуқаросининг 52 нафарида (12,4 фоиз) коронавирус тасдиқланган.

«Бу шуни кўрсатадики, баъзи одамлар ПЗР-тестининг салбий натижаси ҳақидаги маълумотномаларни сохталаштирмоқда ёки салбий тест натижасини олиш учун шифохонада қасддан нотўғри тест ўтказилишига эришишмоқда ёхуд учинчи давлат транзит ҳудудида касалликни юқтириб олишмоқда. Шу сабабли Корея Республикасига келганида, COVID-19 тести ижобий чиққан кўплаб ҳолатлар аниқланди», — дейилади элчихона баёнотида.

Элчихона ПЗР-тестининг салбий натижаси ҳақидаги маълумотномани сохталаштириш ёки ноҳалол йўл билан Корея Республикасига кириш учун сертификат олиш жиноий жавобгарлик (1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 10 миллион вонгача — 8,500 долларга жарима), шунингдек, мажбурий депортацияга (киришга тақиқ билан бирга) каби чоралар қўлланилишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистондан Корея Республикасига келаётганлар орасида COVID-19 мунтазам аниқланган тақдирда, мамлакатга Ўзбекистондан киришга тўлиқ тақиқ қўйилишига қадар қатъий чоралар кўрилиши эҳтимоли мавжуд.

24 сентябрдан элчихона томонидан тасдиқланган рўйхатдан Swiss Lab лабораторияси чиқариб ташланди. Айни вақтда Korea №1 Laboratory томонидан ўтказилаётган тестлар тан олинмоқда.

Ҳозирги вақтда Жанубий Кореядан 23661 та коронавирус ҳолати расман рўйхатга олинган, 21292 киши соғайган, 406 киши вафот этган.

манба