Яқинда ижтимоий тармоқларда ўзбек қизларини Жанубий Корея фуқароларига турмушга бериш учун тайёрлаётган марказ фаолиятига оид видео  тарқалди.

Маълум бўлишича, мазкур видео Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Ҳ.Сулаймонов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-Миробод кўчаси 35-уйда жойлашган “SEJONG HAKDANG” ўқув марказида 2020 йил 7 сентябрь куни навбатдаги ўқув мавсумининг очилиш маросимида тасвирга олинган.

“SEJONG HAKDANG” ўқув маркази 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, юртимиз фуқароларига корейс тили, маданияти ва миллий таомларини ўргатиш мақсадида фаолият юритиб келмоқда.

Ўқув марказ раҳбари Хо Со Хенгнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда таҳсил олаётган 350 ўқувчининг 31 нафари Жанубий Корея фуқароларига турмушга чиққан.

Ўқув маркази ўз ўқувчиларига фақат корейс тили ва маданияти, шунингдек, қизиқувчилар учун корейс миллий таомларини ўргатиш билан шуғулланади. Уларни чет элга юбориш ёки Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга чиқишларини ташкил этиш бу ўқув маскани мақсадларига кирмайди. Бу ерда таҳсил олаётган, корейс фуқароларига турмушга чиққан ўзбек қизларининг улар билан танишуви ёки оила қуришига мазкур ўқув марказининг алоқаси йўқ. Бу фуқаролар турмушга чиқиб, ўрнатилган тартибда никоҳни қайд этгандан сўнг бу ўқув марказига мурожаат қилган.