Жанубий Корея – автомобилсозлик саноатида етакчи давлатлардан бири. Шу билан бирга, мамлакатда турли хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган кроссоверлар, электрокарлар ва оддий седанларни учратиш мумкин.

Давлатнинг солиқ қонунчилиги бу автоуловларнинг барчасига бирдек қарамайди. Ҳудудининг 70 фоизи ўрмонлар билан қопланган Корея Республикаси атроф-муҳитнинг озодалигига, табиатни асрашга алоҳида эътибор қаратади. Шу боисдан, очиқ ҳавога кўпроқ зарар келтирадиган корхона-заводлар каби машиналар ҳам одатдагидан кўпроқ солиққа тортилади. Двигатель қуввати кичик автомобилларга эса, бу ўринда, кўплаб имтиёзлар берилган. Мақола давомида шу ҳақда гаплашамиз.

Кичик машиналар деганда, двигатель ҳажми 1000дан кам бўлган автомобиллар тушунилади. Kia компаниясининг Morning, Ray ҳамда Chevrolet Spark, Matiz русумли автомашиналари шулар жумласидан.

Шахсий тажрибамиз яқинда харид қилинган, иккинчи қўл Morning автомобили билан боғлиқ бўлди.

180 минг км йўл босган Kia Morning 1200 долларга тушди.

Дастлабки енгилликлардан бири, машинани расмийлаштиришда алоҳида тўловнинг йўқлиги. Автомобилни собиқ эгасидан ўз номимизга ўтказиш ишлари 15 дақиқа ичида тўлиқ якунланди. Орада онлайн тарзда суғурта шартномаси келишувига ҳам улгурдик.

Автомобилни ўз номимизга расмийлаштириш учун 15 дақиқа кифоя қилди.

Жанубий Кореяда бир шаҳардан иккинчи шаҳарга боришда катта пуллик магистрал йўллардан фойдаланилади. Бизнинг жажжи тойчоқларимизга эса бу пулли йўллардан юришда 50 фоизлик чегирма бор. Барча турдаги уловлар ҳайдовчилари 10 минг вон тўлайдиган жойда, кичик машина эгаларининг 5 минг вон сарфлаши кифоя бўлади.

Кичик автомобиллар мол-мулк солиғидан озод этилган.

Чет элликлар орасида шундай гап юради: «Кореяда машина нархидан унинг суғуртаси қимматроқ». Ростдан ҳам, 800 долларга сотиб олинган машинага бир ойда 100 ёки 120 доллар суғурта тўланган ҳолатларга ҳам шахсан гувоҳ бўлганмиз. Бир йилда автомобил нархидан ҳам катта сумма келиб чиқади. Суғурта тўлови миқдори ҳайдовчининг ёши ва тажрибасига қараб ўзгариши – бу алоҳида мавзу. Имкон бўлганда тўхталамиз. Ҳозир эса яна имтиёз ҳақида: биз ҳикоя қилаётган тоифадаги машина эгалари хавфсизлик суғуртаси учун тўловнинг 10 фоизидан 30 фоизигача қисмини тежаб қолишлари мумкин.

Автотураргоҳлар – катта-катта мегаполислар учун доимий муаммолардан. Ҳатто пуллик «парковка»ларда ҳам баъзан бўш ўрин топиш қийинчилик туғдиради. Топилган тақдирда эса қиммат. Мисол учун, ўтган ойда пойтахт Сеулда меҳмон бўлиб, машинамизни пуллик тураргоҳлардан бирига жойладик. Тахминан икки ярим, уч соат учун 25 доллар тўлагандик ўшанда. Агар автомобилимиз Spark ёки Matiz бўлганида, 50 фоизлик чегирма орқали 12,5 доллар кифоя қилар эди.

Қулайликлардан яна бири ёқилғи сарфи билан боғлиқ. «Ҳар литрда 300 вон чегирма бўлади», дейишганига қизиқиб, Шинҳан Банк филиалига бордик.

Имтиёз билан жиддий қизиқдик. Банк ходимларининг фикрига кўра, чегирмадан фойдаланиш учун «경차사랑카드» номли карта очтириш талаб этилар экан. Лекин нарх бошқалар таърифлаганидек чиқмади. Бензин ва дизел ёқилғиси учун ҳар бир литрга 60 вон, газ учун эса 30 вондан арзонлаштирилиши айтилди. Бундан ташқари, бир йил мобайнида харид қилинган маълум ҳажмдаги ёқилғи учун 200 минг вонгача тўланган солиқларни қайтариб олиш имконияти ҳам бор экан.

Хуллас, Кореяда шунақа гаплар: «Кичкина машиналарга катта имтиёзлар бор».

Элдор Воҳидов