Корея Республикаси ҳудудида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилган Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси фаолларининг биринчи онлайн-видеоконференцияси ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур конференцияда янги уюшманинг ташкилотчилари ва фаоллари жорий йил 31 октябрь куни мазкур жамоатчилик ташкилотининг расмий очилиш маросимини ўтказиш ва бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилди.

Онлайн-анжуманда, шунингдек, уюшманинг истиқболдаги вазифалари, унинг фаолияти доирасида муҳокама қилинадиган муҳим масалалар, жумладан кенг жамоатчилик эътиборига молик бўлган ижтимоий ва молиявий кўмак лойиҳаларини амалга ошириш каби вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Иштирокчилар янги ташкил этилган Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси ўз фаолиятини Корея Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини юритаётган ватандошлар, талабалар, тадбиркорлар, доимий яшаётган ҳамда бошқа мақсадларда бўлиб турган юртдошларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратишини таъкидлади. Шунингдек, уюшма  фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш, тиббий ва ҳуқуқий маслаҳатлар бера олиш имкониятларига эга бўлиши зарурлиги айтиб ўтилди.  Бу борада Жанубий Кореядаги ватандошлар ўз билим ва тажрибалари билан амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда моддий қўллаб–қувватлашда фаол қатнашишини билдирди.

Онлайн-видеоконференцияда мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихона ходимлари иштирок этиб, уюшманинг бошқарув органи ва фаоллари олдида катта масъулиятли вазифалар турганини таъкидлади. Шунингдек, конференцияда муҳокама қилинган масалалар билан бир қаторда юртдошларимиз Ватанга бўлган садоқат, халқ тақдирига бефарқ бўлмаслик, миллий урф-одатлар ва анъаналар ҳамда маданиятни бошқа халқларга намоён этишда янада жипслашишда фаол бўлишга чақирилди.

манба