Жанубий Кореянинг KOPIA Uzbekistan ҳамда Ўзбекистон Республикаси илмий ишлаб чиқариш маркази раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди ва Илмий ишлаб чиқариш маркази таркибидаги 5 та институтга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида грант маблағлари ажратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, Илмий ишлаб чиқариш маркази тасарруфидаги экстеншн марказларини очиш ва қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш лойиҳаси учун 150 000 АҚШ доллари, Шоличилик илмий тадқиқот институтига шолининг Ўзбекистон иқлим шароитига мослаштирилган навларини етиштириш ва замонавий агротехнологияларини жорий этиш лойиҳаси учун 100 000 АҚШ доллари, (қўшимча тариқасида лойиҳани давом эттириш учун 100 000 АҚШ доллари), Академик М. Мирзоев номидаги Боғдорчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтига Ўзбекистон иқлим шароитига мослаштирилган экспортбоп узум навларини яратиш лойиҳаси учун 100 000 АҚШ доллари, Дон ва дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институти учун сояни Ўзбекистон иқлимига мослаштирилган навларини такомиллаштириш ва селекция ишларини олиб бориш лойиҳаси учун 105 000 АҚШ доллари ва Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институтига намунали чорвадор қишлоқлар лойиҳаси учун 1 500 000 АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари йўналтирилади.

манба