Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонасида бугун Сеулдаги “Лаззат” ресторани раҳбари Маҳмуд Абдуллаевга “Туризм фидойиси” кўкрак нишони топширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сеул шаҳридаги “Лаззат” ресторани 2013 йилда ташкил этилган ва ушбу мамлакат аҳолиси ҳамда чет эллик сайёҳлар орасида ўзбек миллий таомларини тарғиб қилиш, шунингдек, юртимизнинг гастрономик туризм салоҳиятини кенг ёйишга хизмат қилиб келмоқда. 2014 йил ушбу муассаса Жанубий Корея туризм ташкилотининг “туризм ресторани” сертификатини олган бўлиб, сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган. “KBS”, “JTBC” каби телеканаллар, туризм йўналишидаги интернет саҳифалари ва бошқа қатор оммавий ахборот воситалари “Лаззат” ресторани ва ўзбек миллий таомларига бағишланган туркум кўрсатув ва материалларни кенг аудиторияга тақдим қилган.

Ресторан мамлакатда ўтказиладиган турли халқаро фестиваллар, жумладан, “Seoul International Fair”, “Itaewon Global Cultural Festival”, “Embassies Day in Seoul” ва бошқа тадбирларда ўзбек миллий таомларини муносиб намойиш қилиб келмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан Мустақиллик куни, Наврўз байрами ва бошқа миллий саналар муносабати билан ташкил этиладиган йирик тадбирларда юртимиз ошпазлик анъаналарини тақдим қилиш ва республика туризм салоҳиятини танитишга муносиб ҳиса қўшиб келмоқда.

Жорий йил март ойидан бери “Лаззат” ресторанида ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича “маҳорат дарслари” ташкил этилган ва бу лойиҳа Жанубий Корея аҳолисининг юртимизга нисбатан қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ресторан жамоаси ҳозирда Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Америка қитъсидан Жанубий Кореяга туристларни жалб қилувчи туркомпаниялар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, улар томонидан таклиф этилган сайёҳларга ўзбек миллий таомлари орқали юртимизни танитиш ва келажакда республикага уларнинг саёҳатларини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.

М.Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буйруғига асосан туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун ушбу мукофот билан тақдирланган эди.

манба