Мамлакатимизнинг Корея Республикадаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллиги ҳамда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 28 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

«Seoul Lotte Hotel» меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда Жанубий Кореянинг турли ҳукумат идоралари расмийлари, жумладан, Президент маъмурияти, Миллий Ассамблея депутатлари, муҳим иқтисодий ташкилотлар, етакчи компаниялар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий фикр марказлари вакиллари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва Сеулда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, шунингдек, ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен тантанали байрам очилишида иштирокчиларга мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини  «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасидаги ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишлари ҳақида айтиб ўтилди.

Тадбирда Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Пак Ки Янг мамлакат ҳукумати номидан асосий расмий меҳмон сифатида иштирок этди.

Парк Ки Янг Жанубий Корея ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон мустақилликнинг 29 йиллиги билан барчани табриклади. У кўп асрлик тарихга эга ва бугунги кунда махсус стратегик шериклик даражасига кўтарилган, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини юқори баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқоти ўзаро ҳамкорликни изчил тарғиб қилиш ва чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгандан буён бўлиб ўтган олий даражадаги ўн олтита учрашув шундан далолат беради.

«Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон биз учун устувор савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикдир. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ўсди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олсак, келажакда савдо ҳажми янада ўсиши тайин.

Инвестиция ва савдо соҳаларида шериклик алоқаларини янада ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жанубий Корея ҳукумати Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни ривожлантириш фикрида содиқдир ва иқтисодий муносабатларимиз янги босқичга кўтарилиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр.

COVID-19 тарқалишига қарши самарали ва яқин ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг юқори даражасини яна бир бор намойиш этди. Жанубий Корея томони коронавирус ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирига қарши курашишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этади.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буён Жанубий Корея томони қабул қилган биринчи хорижий делегация Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги мамлакатингиз делегацияси бўлгани диққатга сазовордир. Сафар шу йил июль ойи бошида амалга оширилган эди ва бу стратегик шериклик муносабатларининг алоҳида даражасини, икки мамлакат уни янада мустаҳкамлашга интилишини яна бир бор тасдиқлайди.

Жорий йил икки томонлама ҳамкорликнинг асосий воқеалари апрель ва октябрь ойларида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг телефон орқали мулоқотлари бўлди.

Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлигининг вакили сифатида мен бундан буён ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада кенгайтиришга ўз ҳиссамни қўшаман» деди вазир ўринбосари.

Ҳамкор мамлакат вазири ўринбосари, шунингдек, Жанубий Корея Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади.

Тадбирда Корея Республикаси Президентининг янги «Шимолий сиёсат» бўйича котиби Ё Хан Гу ҳам табрик йўллади. У Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 29 йиллиги билан табриклади ва 2017 ва 2019 йилларда олий  даражадаги ўзаро ташрифлардан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар тез суръатлар билан ривожланиб бораётганини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасида кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашга бўлган содиқлигини юқори баҳолаймиз. Жанубий Корея Президенти Му Чжэ Ин мамлакатда 2020 йилни янги Шимолий сиёсат йили деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси ушбу сиёсатда мамлакатимизнинг асосий, устувор шериги ҳисобланади ва биз ўтган йил давомида икки томонлама муносабатларда аниқ натижаларга эришганимиздан хурсандмиз », деди Ё Хан Гу.

Дипломатик ваколатхона раҳбарининг ўзбек тилидаги нутқи, таниқли корейс рассоми Кан Жо Воннинг «Улуғимсан Ватаним» ва бошқа ўзбек қўшиқларининг ижро этилиши  иштирокчиларга мамнуният бағишлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган ютуқлар, мамлакатнинг тарихий ҳамда диққатга сазовор жойлари, шунингдек, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма ташкил этилди.

«Туризм фидойиси» кўкрак нишони соҳиби, Сеулдаги «Лаззат» ресторани ошпази Маҳмуд Абдуллаев томонидан тайёрланган ўзбек миллий ошхонаси таомлари – палов ва сомса байрам меҳмонлари томонидан юқори баҳоланди.

Томошабинлар орасида «The Korea Post» журнали ва «The Korea Times» газетасининг корейс ҳамда инглиз тилларидаги махсус нашрининг Ўзбекистон, унинг замонавий тараққиёти, тарихи, маданияти ва урф-одатларига бағишлаб чоп этилган нашрлари нусхалари тарқатилди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буён биринчи йирик воқеа бўлган ушбу тантанали тадбир мезбон мамлакатда жорий қилинган карантин талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ташкил этилди.

манба