Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 14 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси ва Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича видеоконференция шаклида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилган эди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ушбу йиғилишда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоконференция шаклидаги муҳокамалар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари Азиз Воитов ва Лазиз Қудратов бошчилигида ўтган учрашувда вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Видеоконференцияда Хитой ва Жанубий Кореядан ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар ва уларни рўёбга чиқариш масалалари ўрганилди. Айрим лойиҳаларнинг белгиланган муддатдан ортда қолиш сабаблари таҳлил қилинди.

Тадбирда мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазир ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда яқин идоралараро кооперацияни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тегишли тузилмалар таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат махсус ишчи гуруҳни тузиш тўғрисида топшириқ берилди. Мазкур ишчи гуруҳ Хитой ва Жанубий Кореядан ҳамкорлар билан лойиҳа ва ташаббусларни имплементация қилишни жадаллаштириш бўйича амалий ишларни олиб боради.

Бундай ёндашув Давлат раҳбари томонидан Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорликнинг белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичларига эришишнинг зарур шартидир.

2025 йилга бориб, Хитойдан олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 миллиард  долларга, Корея Республикасидан эса 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2025 йилга бориб Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 миллиард долларни, Корея Республикасига эса камида 800 миллион долларни ташкил этиши керак.

Муҳокамаларда мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “йўл хариталари”ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари сифатли ва ўз вақтида ижро этилишининг самарали мониторингини олиб боришни таъминлаш мақсадида ушбу шаклдаги муҳокамаларни мунтазам ўтказиш белгилаб олинди.

манба