Жанубий Кореянинг КОICA (Korea International Cooperation Agency) ташкилоти билан Наманган Давлат университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилганига 20 йилдан ошди. Университет Жанубий Кореянинг 10 дан ортиқ етакчи университетлари билан шартномалар имзолаган ва улар бўйича академик алоқалар давом этмоқда. Яқин вақтга қадар Наманганда КОICA мутахассислари Jin young Cheon корейс тилидан ва Seobeom Baek компьютер графикаси фанларидан машғулотлар олиб боришган эди. Бироқ, 2020 йилнинг март ойида бошланган пандемия сабабли барча анъанавий таълим жараёнлари тўхтаб қолди. Шунга қарамай хорижлик мутахассислар 2020-2021 ўқув йилида онлайн машғулотларни ташкил этиши учун НамДУ раҳбарияти ҳамда КОICАнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ўзаро келишувга эришди. Олий таълим муассасаси ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, университетда ташкил этилган медиа марказ базасида талабаларга кореялик мутахассисларнинг ўқув машғулотлари бошланиши кутилмоқда. Унда асосан google classroom онлайн дастури орқали масофадан “Excel skills”, “Professional photo-shop skills”, “Educational video recording skills”, “Python (programming language)” каби фанлар бўйича сабоқ олиб борилиши режалаштирилган.

— Дарслар учун талабалар орасидан бирнеча гуруҳлар саралаб олинади. Машғулотлар асосан инглиз тилида олиб борилади. Талабаларда масофадан туриб машғулотларда қатнашиш имконияти мавжуд. Юқоридаги фанлар бўйича билимлар ёшларимизга келажакда меҳнат фаолиятини сифатли ташкил этишда ва компьютер дастурларида самарали ишлаш учун муҳим туртки бўлади,- дейди НамДУ халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Пўлатхон Лутфуллаев.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
(«Халқ сўзи»)