Тиш оғриғи нақадар азоб эканини жуда кўпчилик яхши билади. Қариндошларим орасида яхши стоматологлар бўлгани учун шу вақтгача тиш бўйича ҳеч ҳам муаммога учрамаган эдим. Лекин Кореяда узоқ вақтдан бери яшаётганимиз учун барибир ҳам тиш докторига ишимиз тушди.

Умуман олганда, менга ўхшаб Кореяда яшовчи кўплаб юртдошларимизни ҳам тиш оғриғи безовта қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, Корея стоматологияси ҳақида ўзим билган ва кўрганларим билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

Энг аввало, шуни айтиш керакки, Жанубий Кореяда стоматология хизмати жуда ҳам қиммат. Агар сиз Ўзбекистонда тишни даволатиш роса қимматга тушади, деб юрган бўлсангиз, Кореядаги нархларни эшитиб, адашибман, дейишингиз аниқ.

Қимматлигига қарамай, Кореядаги стоматология клиникалари доимо мижозлар билан гавжум. Билишимча, бунга асосий сабаб – кореяликлар таомномаси. Уларнинг кундалик рациони асосан аччиқ таомлар ва егуликлардан иборат бўлгани учун ҳам тишлари саломатлигига катта эътибор беришади.

Шу мавзуда гап кетганда, корейсларнинг энг бир ажойиб одатини эслаш шарт деб ўйлайман: корейслар тишларини кунига 5-6 маҳал ювишни канда қилишмайди. Магистратурада ўқиётган вақтимда корейс курсдошларим ҳар сафар овқатлангач ёки ҳатто қаҳва ичганидан кейин ҳам доимо тишларини ювишига гувоҳ бўлганман. Улар доим тиш пастаси ва чўткасини ўзлари билан олиб юришади.

Катталар учун стоматология хизмати

Хуллас, Вонжу шаҳрида илк марта тиш шифокори ҳузурига пломба қўйдириш учун боришимга тўғри келди. У вақтда ҳали давлат томонидан чет элликлар учун бериладиган тиббий суғуртамиз йўқ эди.

Seoul Insung cтоматологияси шаҳар маркази эмас, чекка ҳудудда, уйимизга яқин ерда жойлашган бўлса ҳам, клиникадаги шарт-шароитларни кўриб ҳайрон қолдим. Навбат кутиш хонасида юмшоқ ўриндиқлар, замонавий телевизор, бепул қаҳва машинаси, чой, ширинликлар бор. Энг қувонарлиси, аксар шифокорлар инглиз тилида бемалол сўзлашар экан.

Клиникада замонавий ускуналар ўрнатилган. Тишингизни даволашдан олдин албатта, рентген қилишади ва уни сиз бевосита компьютер орқали кўришингиз мумкин.

Биринчи марта тиш кўригига борганим учун шифокор кўриги – 30 000 вон, 2 та тишга резина пломба – 120 000 вон (105 доллар)га тушди. Шифокор агар миллий суғуртамиз бўлганида, бу нарх анча арзон бўлиши мумкинлигини айтди.

Маълумот ўрнида: Кореядаги миллий тиббий суғурта ҳар доим ҳам барча муолажаларни қопламайди. Айниқса, стоматологияда кўплаб хизмат турлари – имплантация, кариесни даволаш, протез тишлар қўйиш нархи ўзгармайди ва улар одатда жуда ҳам қиммат.

Тиш даволатиш вақтида шифокор Пак Же Хван билан Кореядаги стоматология хизмати ҳақида суҳбатлашдим.

«Одатда, кунига 20-25 нафар беморни қабул қиламан. Кўп ҳолларда тишни соғломлаштириш муолажалари, эстетик тозалаш ҳамда имплант жарроҳликларини амалга ошираман.

Клиникамиз кичик бўлса ҳам, хориждан келтирилган энг сўнгги Hi-Tech қурилмалар билан жиҳозланган. Ускуналар нархи қимматлиги сабабли ҳам тиш муолажалари бошқа тиббий хизматларга нисбатан қимматроқ баҳоланади», – дейди у.

Шу ерда ишловчи ҳамширанинг айтишича, клиника жамоаси ҳар йили турли давлатларга бориб, малака ошириб қайтади. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларга ишчи сафарлар уюштириб, чекка ҳудудлардаги маҳаллий тиш шифокорлари билан волонтёр сифатида ўз тажрибаларини ўртоқлашишар экан. Масалан, ўтган йили Вьетнам, Комбожа, Лаос каби давлатларга бориб, маҳаллий стоматологларга тренинглар ўтишган, аҳолини бепул даволашган.

«Бу йил пандемия туфайли бу каби ишчи сафарларга чиқиш имкони бўлмади, – дейди Ким Ёнжу. – Бироқ волонтёрлик ишларимиз тўхтаб қолмади: ҳозирда бошқа давлатлардаги шифокорлар билан онлайн тарзда тажриба алмашмоқдамиз».

Болалар стоматологияси ҳақида

Яқинда ўғлимнинг ҳам тишида кариес борлигини билиб қолдим. Шаҳримиздаги болалар учун мўлжалланган махсус тиш шифокорига боришни маслаҳат беришди.

Қўлимизда давлат томонидан берилган миллий суғурта қоғози бор эди. Қизиғи, ҳаттоки болалар стоматологик клиникаси ҳам болалар билан тўла экан.

Шифокор ўғлимнинг тишини рентген қилиб, пўлат коронка қўйиш кераклигини айтди. Ҳар эҳтимолга қарши ноқулай аҳволга тушмаслик учун аввалдан нархларни сўрадик. (Лекин Кореяда беморлар одатда кўрик нархи қанча бўлишини олдиндан сўрашмайди).

Хуллас, доктор ёнидаги таблетга қараб, бир нималарни ҳисоблаб, 130 000 вон деса бўладими? Бу деярли 115 доллар дегани. Кўзимиз чиқиб кетди. Кичкинагина тиш учун шунақа қиммат нарх?! Яна суғуртамиз ҳам бор. Биз энг кўпи билан 20–30 долларни мўлжаллаган эдик.

Шифокор қимматлигига сабаб пўлат коронка нархини миллий суғурта қопламаслигини тушунтирди. Ҳозир ўз вақтида даволамаса, кариес нервга тегиб, кучли оғриқ беришини айтишди ва биз муолажага рози бўлдик.

Энди стоматология хизматларининг ижобий томонини айтсам, стоматология жуда ҳам замонавий. Ичига кирсангиз, болалар учун ҳар хил қизиқарли китоблар, ўйинчоқлар, махсус қаҳва машинаси қўйилган. Шифокор ва ҳамширалар жуда ҳам самимий кутиб олишди. Аксарияти инглиз тилида сўзлаша олади.

Ўғлим ҳеч қачон тиш докторига бормагани учун чидай олмаса керак, деб ўйлагандим. Лекин ҳаммаси кўнгилдагидек, тез ва осон ўтди. Охирида болаларга кичик совға ҳам беришаркан. Махсус қутидан болалар ўзига ёққан ўйинчоқни танлайди. Болаларни уйга хурсанд жўнатиш учун ажойиб ғоя!

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, Кореяда тиббий хизматлар қимматга тушаётган бўлса ҳам, профессионал хизматдан минг бор рози бўлиб, чиқиб кетасиз. Медицина ҳавас қилгудек ривожланган. Ҳатто кичик ва чекка шаҳарларда ҳам.

Кореяда яшайдиган чет элликлар миллий тиббий суғурта хизматидан рўйхатга ўтишса, тиббий муолажа ва дорилар анча арзонга тушади. Энг муҳими, илоҳим, бегона юртда ҳеч кимнинг тиши оғримасин, умуман касал бўлмасин!

Феруза Авазова

манба