31 октябрь куни Корея Республикасининг Квангжу шаҳрида «Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон элчихонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ходимлари, юздан ортиқ ватандош, Корея Республикаси давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маросим қатнашчиларига Ўзбекистоннинг Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен табрик йўллади.

«Мазкур уюшманинг фаолият кўрсатиш жойи сифатида Квангжу шаҳри танлангани бежиз эмас. Бу ерда кўп сонли ватандошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланади, таълим олади, истиқомат қилади», – дейилади Миграция агентлиги хабарида.

Очилиш маросимида Корея Республикаси Миллий ассамблеяси (парламент) аъзолари Янг Ҳянг Жа, Ли Янг Ҳун, Ли Янг Бин, Квангжу шаҳар мерияси бўлим бошлиғи Ли Бо Гин, Квангжу шаҳар Инсон ресурслари ривожлантириш маркази бошлиғи Чонг Инг Ҳи, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат вазирининг фахрий маслаҳатчиси – Хонам касб-ҳунар коллежи директори Ким Ён-се ва «Кимсон» адвокатлик компанияси марказ директори Парк Сон Ҳу сўзга чиқиб, янги уюшма фаолиятига муваффақият тилаб, ўзаро ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Уюшмани ташкил этишдан асосий мақсад – Корея Республикаси ҳудудидаги ўзбекистонликлар: муҳожир ишчилар, талаба ва ўқувчилар, тадбиркорлар, доимий яшайдиганлар ҳамда бошқа мақсадларда бўлиб турган ватандошларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш, тиббий ва юридик хизматлар тақдим этишдир.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси «Олтин дафтар»ига киритилган ватандошлар сони юздан ошгани хабар қилинганди.