Душанба куни Жанубий Кореяда 10 нафар аёл қотиллигида гумон қилинган шахс судда айбига иқрор бўлди, дея хабар берди «Рёнхап» агентлиги.

1986 — 1991 йилларда мамлакат жанубидаги Хвасон шаҳрида бир қанча қотилликлар содир этилган. 1988 йилда 13 ёшли қизни ўлдиргани учун Ён исмли эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У муддатидан олдин озод қилиниб, ишни қайтадан кўриб чиқишларига муваффақ бўлди.

Душанба куни бўлиб ўтган суд жараёнида 57 ёшли Ли Чун Чжэ ҳам иштирок этди. У 2019 йилдаёқ қотиллигини тан олганди, бироқ илк бор жамоат олдида нутқ сўзлади. Ли Чун Чжэнинг ўзи ҳам 1994 йилда акасининг турмуш ўртоғини зўрлаб, ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётганди. Суд мажлисида у 14 нафар аёлни ўлдирганини тан олди.

«Ҳақиқий жиноятчи — бу мен. Мен амалга оширган қотилликда янглишиб айбланган жаноб Ёндан чин дилдан кечирим сўрайман», — дея эълон қилди қотилликда гумон қилинаётган шахс. У ҳеч қачон далилларни яширишга уринмагани, лекин негадир тергов жараёнида гумонланувчилар рўйхатига киритилмаганини ҳалигача тушунолмаётганини билдирди. Полициячилар ўтган йили ДНК экспертизаларидан сўнг Ли Чун Чжэни қотилликларнинг айримлари билан алоқаси борлигини аниқлашди.

Таъкидланишича, Ли Чун Чжэ айбига иқрор бўлгани учун янги суд жараёнларига тортилмайди. Устига-устак, жиноят учун даъво муддати ҳам аллақачон ўтиб кетганлиги айтилмоқда.

Хвасон қотилликлари Жанубий  Кореяда энг катта жиноий ишга айланди: тергов жараёнларига қарийб икки миллион соат сарфланган, гумонланувчилар рўйхатида 21 минг киши қайд этилган.

Хвасонда содир этилган жиноятлар 2019 йилда «Паразитлар» драмаси учун тўртта «Оскар» мукофотига сазовор бўлган режиссёр Пон Чжун Хонинг «Қотиллик хотиралари» (2003) фильмига асос бўлди. Иккала фильмда ҳам бош ролларни актёр Сон Кан Хо ижро этган.

манба