Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳрида Ўзбекистонликлар уюшмаси ташкил этилгани ҳақида материал берилган эди. Мазкур воқеа ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Хусусан, www.jnilbo.com веб-портали янги уюшма Корея Республикасида истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қилиш ва жамоат фаровонлигини юксалтириш мақсадида ташкил этилганига эътибор қаратган.

“Ўзбекистонликлар уюшмасининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси вакиллари, Корея Миллий Ассамблеяси аъзоси Янг Ҳянг Жа, Квангжу шаҳар меҳнат ҳамкорлиги бўлими бошлиғи Ли Бо Гин, Квангсан тумани кенгашининг раиси Ли Ёнг Ҳун, Жанубий Корея инсон ресурсларини ривожлантириш маркази раҳбари Чонг Инг Ҳи каби меҳмонлар ташриф буюриб, ўз табрикларини улашди”, – деб ёзади портал мухбири.

Шунингдек, тадбирда 100 га яқин киши иштирок этиб, янги уюшманинг фаолиятига муваффақиятлар тилагани, мазкур ташкилот билан ҳамкорлик қилиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёрлик изҳор қилгани ҳақида сўз юритилган.

Вебпортал Ўзбекистон бандлик ва меҳнат вазирлигининг фахрий маслаҳатчиси Ким Юн Сенинг 2018 йил Квангжуда Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси очилгани, шунингдек, янги уюшманинг ташкил этилиши катта ютуқ экани ҳақидаги фикрларини ҳам келтирган.

манба