Жанубий Кореянинг икки йирик авиакомпанияси – Korean Air ва Asiana Airlines бирлашди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга таяниб, йирик нашрлар ёзмоқда.

Маълум бўлишича, Кореянинг энг йирик авиакомпанияси Korean Air мамлакатдаги асосий рақобатчиси Asiana Airlines компаниясининг назорат пакетини қўлга киритган. Шу тариқа Жанубий Кореядаги икки гигантнинг бирлашуви янги авиакомпаниянинг дунёдаги энг йирик 10 та авиаташувчи компаниялар қаторидан ўрин олишига имкон яратади.

Икки йирик авиакомпаниянинг бирлашишига пандемия вақтида банкрот остонасига келиб қолган Asiana Airlanes’даги иқтисодий инқироз сабаб бўлган. Авиапомпания эгаси бўлган Kumho холдинги олдинроқ бир неча марта уни сотишга ҳаракат қилган, лекин савдолар ҳар сафар ижобий якун топмаган. Шу сабаб бошқа чора излашга мажбур бўлишган ва Korean Air билан бирлашиш варианти пайдо бўлган.

Юзага келган вазиятнинг олдини олишга бевосита мамлакат ҳукумати ҳам аралашган. Ҳар икки компания раҳбарлари ва ҳукумат вакиллари иштирокидаги йиғилишда икки гигантнинг бирлашуви ҳақида қарор қабул қилинган. Унга кўра, эндиликда Korean Air собиқ рақобатчиси Asiana Airlanes’нинг 63,9 фоиз акциясига эгалик қилади. Келишув 1,8 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Келишув якунида Korean Air ва Asiana Airlines бирлашгани эълон қилинади. Шунингдек, уларга тегишли Jin Air, Ais Seoul ва Air Busan лоукостерлари ҳам бирлашиши, шу тариқа дунёдаги катта ўнликка кирувчи йирик авиакомпания пайдо бўлиши кутилмоқда.

Аниқ рақамларга қараладиган бўлса, Korean Air юк ташиш бўйича дунёда 19-ўринда, Asiana Airlines эса 29-ўринда туради. Янги ташкил этилажак ва Korean Air номини сақлаб қолувчи авиакомпания эса 36 миллиард долларлик активга эга бўлиши, юк ҳамда йўловчи ташиш ҳажми бўйича дунёда еттинчи ўринга кўтарилиши кутилмоқда.

Бу бирлашув амалга ошишига фақат Корея монополияга қарши кураш қўмитаси тўсқинлик қилиши мумкин. Чунки бу ички бозордаги рақобатни деярли ўлдиради ва бошқа кичик авиакомпанияларга салбий таъсир кўрсатади. Бироқ кредиторлар ва барча томонлар розилиги олингач, келишув амалга ошиши деярли аниқ.

Маълумот учун, Asiana Airlines 30 йил аввал ташкил этилган ва шу тариқа 2020 йилда тугатилмоқда. Қизиғи, кореяликлар мамлакатнинг сервис бўйича энг яхши авиакомпанияси Korean Air эмас, айнан Asiana деб билишади.

манба