Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси кўмагида бугун Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Мамараимов ва Сеулнинг Янгчон тумани маъмурияти умумий бўлими бошлиғининг халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари Чои Ми Гю ўртасида видеоконференция форматида музокаралар ташкил этилди.

Мулоқотда туманлар ўртасида биродарлашган ҳудудлар муносабатларини ўрнатиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Чои Ми Гю Янгчон тумани мэри Ким Су Ёнг 2019 йил сентябрь ойида Сеулда имзоланган Ўзбекистон ва Жанубий Корея пойтахтларининг икки тумани ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик тўғрисидаги протокол асосида Чилонзор тумани билан алоқаларни кучайтиришга катта аҳамият бераётганини билдирди. Мазкур тумани делегацияси жорий йил Тошкент шаҳрига сафар қилишни режалаштирган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли бу воқеа кейинги муддатларга сурилди.

Онлайн-музокаралар давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича фикр алмашди. Хусусан, Чилонзор тумани ва Янгчон тумани ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Жанубий Корея вакиллари, шунингдек, иқтисодиёт, маданият, спорт соҳаларида биргаликда лойиҳалар амалга ошириш, корейс тилини ўқитиш бўйича тажриба лойиҳаларини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.

манба